Самарқанд вилоятида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат муассасаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган шу номдаги республика танловининг туман (шаҳар) босқичи бошланди.
2021 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган танлов аёл-қизларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги билим ва малакасини ошириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда ишлаб чиққан ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, шу пайтгача унда 100 минг нафардан ортиқ қизлар иштирок этди. Танловнинг бу галги мавсумида эса 92 минг нафардан ортиқ қизлар иштирок этиш истагини билдирган. Улар 16–20 ва 21–30 ёш тоифаларида ўз билим ва тажрибаларини синовдан ўтказишади.

– Давлатимиз раҳбарининг шу йил 15 майда қабул қилинган “Болалар учун мўлжалланган миллий контентлар яратиш ва уларни оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу йил танлов такомиллаштирилди, – дейди Самарқанд вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси шуъба бошлиғи Муродулла Ёқубов. – Яъни рақамли технологиялар, контентлар яратиш билан боғлиқ замонавий касбларни эгаллашга иштиёқи баланд бўлган ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш, саралаб олиш ҳамда уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида “Рақамли авлод” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланди. Эндиликда “Рақамли авлод қизлари” танлови ҳам мазкур лойиҳа доирасида ўтказилади ва танлов ғолиблари ғолиблари хорижий давлатларга таълим саёҳатига юборилади.

Самарқанд вилоятида бу йилги танловда қатнашиш учун 7667 нафар иштирокчи рўйхатдан ўтган. Улар таълим (2642 лойиҳа), сунъий интеллект (2259 лойиҳа), иқлим ўзгариши (1160 лойиҳа) ва яшил иқтисодиёт (1606 лойиҳа) йўналишларида ўз лойиҳаларини тақдим этишади. Иштирокчилар орасида мактаб ўқувчилари, талабалар, АКТ соҳасига қизиқувчи ёшлар бор. Танлов қатнашчиларининг лойиҳалари соҳа мутахассислари, мактаб ва олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан баҳолаб борилмоқда.
8 ноябрга қадар давом этадиган танловнинг туман (шаҳар) босқичида энг яхши деб топилган ва юқори баҳоланган 5 лойиҳа вилоят босқичига тавсия этилади. Вилоят босқичи ўқувчи ва талабаларнинг қишки таътили пайтида, якуний республика босқичи эса баҳор ойларида ўтказилиши режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари