
Бугунги кунда ёшлар, айниқса, ўқувчи-қизларнинг рақамли технологияларга бўлган қизиқиши ва интилишини кучайтириш, уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат муассасаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Рақамли авлод қизлари-2025” маърифий лойиҳаси бунинг исботидир.
Мазкур тадбир Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Ренессанс” болалар оромгоҳида бўлиб ўтмоқда.

“Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси қизларнинг ахборот технологиялари бўйича билимларини янада ошириш, уларни касбга йўналтириш, илғор ғояларини қўллаб-қувватлашдек мақсадлар кўзлангани билан аҳамиятли. Маърифий лойиҳа давомида маҳоратли менторлар иштирокида таълим, сунъий интеллект, яшил иқтисодиёт ва иқлим ўзгариши каби йўналишларда дарслар ўтказилмоқда. Дарс жараёнларида чет эл университетлари моҳир педагогларининг иштирок этаётгани ҳам эътиборлидир.

Мусобақалар тарзида ташкил этиладиган машғулотларда иштирокчи қизлар ўз стартап лойиҳаларини ишлаб чиқиб, тақдимотини ўтказади.
“Рақамли авлод қизлари” маърифий лойиҳаси 2021 йилдан буён ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Бугунги кунгача унда 7 минг нафардан ориқ қизлар муваффақиятли қатнашган.
Ғолиблар қимматбаҳо совғалар ҳамда хорижга таълим саёҳати учун йўлланмани қўлга киритади.
Н.Усмонова, ЎзА