«Рақамли авлод IT ҳафталиги» бўлиб ўтади
Мамлакатимизда илғор технологиялар, айниқса замонавий ахборот технологияларини жадал ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан “Google” компанияси ҳамда “Digital Generation” ННТ ҳамкорлигида жорий йилнинг 21-26 ноябрь кунлари IT соҳасига қизиқиш билдирган ёшлар учун «Рақамли авлод IT ҳафталиги» тадбири ташкил этилмоқда.
Мазкур ҳафталик доирасида Robo Labirint, Robo Futbol, DG Contest, Cyber Sport йўналишлари бўйича мусобақалар ва GDG Google Dev fest тадбири ташкил этилади.
Тадбирга ўз соҳасининг етакчиси бўлган хорижий мутахассислар "Google Developer Ecosystem & Google for Startups" (Туркия ва Ўрта Осиё) раҳбари Барис Есугей, "Angry Birds" асосчиси Петер Вестербаcка, Беларусь давлатининг iTechArt дастурчиси Игор Дубанос ва бошқа етук IT мутахассислари ва экспертларининг иштироки кутилмоқда. Шу билан бирга, мазкур тадбирда 20 га яқин IT соҳасидаги спикерлар ҳам қатнашиши кўзда тутилган.
Ҳафталик онлайн ва оффлайн форматда ўтказилади. Онлайн шаклда 500 нафардан зиёд, оффлайн тарзда эса 3 минг нафардан зиёд ИТ соҳасига қизиқувчи ёшлар қатнашиши кутилмоқда.
ЎзА
(Усмонова)