Рақамлаштириш ва сунъий интеллект — замон талаби
Бугун рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологиялари давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқишда ҳал қилувчи омилга айланмоқда.
Жойларда ушбу йўналишда олиб борилаётган амалий ишлар, илғор тажрибалар ва очиқ мулоқотлар эса ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англашга хизмат қилмоқда.
Шу маънода, Арнасой тумани ҳокимлигида Жиззах вилояти ҳокимининг рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллектни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Озод Бобомуродов иштирокида ўтказилган давра суҳбати ҳудудда рақамли трансформацияни жадаллаштириш йўлидаги муҳим тадбирлардан бири бўлди.

Учрашувда давлат бошқаруви тизимида рақамлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш, сунъий интеллект технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, шу орқали аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, бугунги кунда рақамли ечимлар самарали бошқарув, тезкор ва аниқ қарор қабул қилишнинг ажралмас қисмига айланмоқда.
Озод Бобомуродов ўз чиқишида халқаро тажрибага тўхталиб, Жаҳон банки ва БМТ таҳлилларига кўра, сунъий интеллект технологияларини давлат бошқарувига жорий этган мамлакатларда маъмурий харажатлар ўртача 20–30 фоизга қисқарганини қайд этди. Шунингдек, у Ўзбекистонда қабул қилинган “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси сунъий интеллектни иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларга татбиқ этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал асос яратиб бераётганини алоҳида таъкидлади.

Давра суҳбатида рақамли платформалар орқали аҳоли мурожаатларини таҳлил қилиш, ижтимоий соҳада эҳтиёжларни олдиндан башорат қилиш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш каби йўналишларда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш муҳимлигига эътибор қаратилди. Бу эса иш жараёнларида шаффофликни таъминлаш, инсон омилини камайтириш ва коррупция хавфини қисқартиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбирда иштирок этган Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов мавзудан келиб чиққан ҳолда, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди:
— Бугун рақамлаштириш ва сунъий интеллект масалалари туманлар ривожи учун ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда. Биз Арнасойда, аввало, ер, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳа ва коммунал хизматларда рақамли ечимларни жорий этишга устувор аҳамият қаратяпмиз. Сунъий интеллект асосида маълумотларни таҳлил қилиш орқали қайси соҳада қандай муаммо борлигини аниқ кўриб, манзилли қарорлар қабул қилиш имконияти пайдо бўлади. Энг муҳими, бу ислоҳотлар халқимиз ҳаётидаги енгиллик ва қулайлик билан ўлчанади.
Учрашув якунида рақамли трансформацияни тизимли йўлга қўйиш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, инновацион ёндашувларни қўллаб-қувватлаш ва замонавий технологияларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича қатор амалий таклифлар билдирилди. Мутахассислар фикрича, ушбу йўналишда изчил иш олиб бориш Арнасой туманининг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этишга бағишланган бундай очиқ мулоқотлар жойларда бошқарув маданиятини ўзгартириш, қарор қабул қилишда таҳлилий ёндашувни кучайтириш ҳамда ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса ўз навбатида, замон талабларига мос, самарали ва халқчил давлат бошқаруви тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА