Раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолашни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
Фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳоланадиган республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари рўйхати;
Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом;
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Энди республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида “samaradorlik.uz” электрон платформаси орқали баҳоланади.
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари платформадан “hrm.argos.uz” электрон платформасига уланиш ва хизмат кўрсатиш бўйича шартнома доирасида фойдаланади.
Баҳоланувчи раҳбарлар ўз фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни платформага ўз вақтида киритиб боради.
Қарорга кўра, самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлаш учун масъуллар:
Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлаш учун масъул ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан платформага киритилади;
ушбу ташкилотлар ўзининг масъул ходимларини “hrm.argos.uz” электрон платформасига киритиб, платформа орқали самарадорлик кўрсаткичларига масъул этиб бириктирилади.
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги электрон ҳисоботи юритилмайдиган самарадорлик кўрсаткичларини 2025 йил якунига қадар босқичма-босқич рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини амалга ошириш юзасидан маълумотларни ҳар чоракда Агентлик ва Вазирлар Маҳкамасига киритиб боради.
Агентлик платформанинг эгаси, Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор “UZINFOCOM” МЧЖ оператори ҳисобланади.
Оператор платформани жорий этиш, унга техник хизмат кўрсатиш, платформани янада такомиллаштириш, шунингдек, унинг узлуксиз ва хавфсиз ишлаши учун масъул бўлади.
ЎзА