Раҳбар ёшлар билан учрашди
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси вазифасини бажарувчиси Аҳмад Суванқулов “Хоразм сув таъминоти” акциядорлик жамиятининг ёш ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Унда 80 га яқин ёш мутахассис иштирок этиб, уларнинг таклиф ва ташаббуслари, мурожаат ҳамда фикр-мулоҳазалари тингланди.
Мулоқот давомида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт билан мунтазам шуғулланиш учун яратилаётган шароитлар, касбий ривожланиш ҳамда тизим фаолиятини янада такомиллаштиришга доир масалалар муҳокама қилинди.
[gallery-30773]
– Учрашувда талабалик даврида айнан “Хоразм сув таъминоти” АЖда амалиёт ўтаган ёшлар ҳам иштирок этди, – дейди “Хоразм сув таъминоти” акциядорлик жамияти мутахассиси Машариф Йўлдошев. – Уларнинг айримлари шу ернинг ўзида тизимда ишлаш истагини билдириб, ишга қабул қилиниш масаласида мурожаат қилди. Эндиликда ушбу мурожаатлар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилади ва ёш мутахассисларни ишга жойлаш чоралари кўрилади.
Самимий мулоқот давомида раҳбар ўзининг илк бор ишга қабул қилинган даврлари, меҳнат фаолияти давомида орттирган тажрибаси ҳамда касбга садоқат, масъулият ва доимий изланиш муваффақиятнинг муҳим омили эканига тўхталиб, ёшлар билан самимий фикр алмашди.
Якунда иштирокчилар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилиб, билдирилган таклиф ва ташаббуслар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари