Раҳбар ва ёшлар учрашуви
Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида раҳбар ва Ёшлар парламенти вакиллари учрашуви бўлиб ўтди. Тадбир доирасида ёшларнинг ташқи сиёсат, минтақавий ҳамкорлик ва интеграция жараёнидаги ўрни муҳокама қилинди.
Анжуманда институт директори Жавлон Ваҳобов ва мамлакатимизнинг энг фаол ёшлари ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашди. Хусусан, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ёш мутахассисларни илмий-таҳлилий ва экспертлик фаолиятига кенг жалб этиш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш мавзуларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқот давомида ёшлар парламентини қизиқтираётган долзарб масалалар кўтарилиб, мавжуд муаммолар ечими бўйича янги таклифлар ишлаб чиқиш диққат марказига чиқди. Шунингдек, ёшларга яратилаётган имкониятлар, ёшларнинг ташқи сиёсатдаги иштироки ҳамда минтақамизда интеграция жараёнини ривожлантиришдаги ўрни хусусида фикр билдирилди.
[gallery-30223]
– Ёшларда пайдо бўлаётган янги фикр ва ёндашувлар таҳлилий материалларга айланиб, давлат раҳбарлари томонидан илгари сурилаётган ташаббусларни янги босқичга олиб чиқишга ҳисса қўшади, — дейди МОХИ етакчи илмий ходими, Олмазор тумани халқ депутатлари кенгаши депутати Самандар Исмоилов.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган сиёсат Марказий Осиёнинг дунёдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган. Айни жараёнда ёшлар билдираётган таклифлар иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий интеграцияни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида МОХИ ва Ёшлар парламенти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат ёшларни илмий-таҳлилий фаолиятга жалб этиш, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий онгини ошириш, шунингдек Марказий Осиё давлатлари интеграцияси бўйича янги таклиф, тавсиялар ишлаб чиқишини назарда тутади.
Дилшод Ҳакимов,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА