«Раҳбар ва ёшлар» учрашуви ўтказилди
Мамлакатимизда ёшларни бирлаштириш, уларнинг иқтидорини юзага чиқаришга қаратилган бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда. Бугун улар учун ҳар соҳада ташаббус кўрсатиш, ўз иқтидорини намойиш этиш учун барча имкониятлар эшиги очиқ.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигида ҳам шижоатга тўла йигит-қизлар фаолият олиб бормоқда. Агентлик тизимида 1000 нафарга яқин 30 ёшгача бўлган мутахассислар фаолият юритади. Ташкилотда ёшлар сиёсатига оид масала долзарб вазифалардан бири бўлиб, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, ёш кадрларни муносиб рағбатлантириш, турли ўқув курсларида иштирок этишига кўмаклашиш, халқаро ташкилотларда малака оширишни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Раҳбар ва ёшлар учрашувида ҳам айни масалаларга алоҳида тўхталиб, ҳудудлардан ташриф буюрган ёш кадрлар, лаборатория йўналишида фаолият юритаётган илмий ходимлар, карантин инспекторлари билан очиқ тарзда суҳбат олиб борилди.

Мулоқот чоғида ёш кадрларни қийнаб келаётган муаммолар ва уларнинг ечими муҳокама этилди. Шунингдек, ёшлар соҳани такомиллаштиришга оид таклифларини илгари сурди.
Учрашув доирасида тизим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш учун танловлар ва беллашувлар ўтказиш, киберспортни ривожлантириш, «Заковат» ўйинлари ташкил этилишини анъанага айлантириш каби таклифлар билдирилди. Ўз навбатида Агентлик мутасаддилари чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, ҳар бир вилоятда ёшларнинг бирлашишига туртки бўлаётган тадбирларни мунтазам ўтказиш тарафдори экани ва бундай тадбирлар анъанавий тарзда ўтказилишини билдирди.

Тадбир якунида ёшлар сафида ўз тенгдошларига ўрнак бўлиб, соҳанинг ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ мутахассислар тақдирланди.
Ш.Маматуропова, ЎзА