Раҳбар ва ҳисобчининг жинояти фош бўлди
Фарғонада тадбиркорларнинг пулини ўзлаштирган МЧЖ раҳбари ва ҳисобчининг кирдикорлари фош этилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сўх туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда “A.C.”. МЧЖ таъсисчилигида ташкил этилган “S.C.” МЧЖ раҳбари Ю.М. таъсисчи томонидан ўзининг моддий жавобгарлигига топширилган 231,8 миллион сўмлик тикув машиналари ва бошқа товар-моддий бойликларни ҳамда қиймати 136,8 миллион сўмлик “Mercedes Benz Sprinter” русумли автотранспорт воситасини бошқа бир фуқарога 12 000 АҚШ долларига сотиб юбориб, жамиятнинг ўзига ишониб топширилган жами 368,6 миллион сўмлик мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Худди шундай Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан “I” МЧЖ раҳбарининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда МЧЖнинг собиқ бош ҳисобчиси А.И. жамият ҳисоб рақамидаги 58,3 миллион сўмни ўзига ойлик иш ҳақи сифатида ҳисоблаб, шундан 11,3 миллион сўмини солиқ тўловларига йўналтириб, қолган 47 миллион сўмини ўзининг шахсий пластик картасига ўтказиб талон-торож қилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА