Рағбат – масъулиятни оширади
Наманганлик тўқувчи-ҳунарманд Юнусхон Азимов “Ташаббус –2015” кўрик-танловининг вилоят босқичида “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинацияси ғолиби бўлди.
Наманганлик тўқувчи-ҳунарманд Юнусхон Азимов “Ташаббус –2015” кўрик-танловининг вилоят босқичида “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” номинацияси ғолиби бўлди.– Мамлакатимизда миллий ҳунармандликни тиклаш ва ривожлантириш, уста ҳунармандлар фаолиятини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Ю.Азимов. – Ташаббус қўллаб-қувватланган жойда тараққиёт бўлади. Буни бизнинг оилавий устахонамиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Президентимиз раҳнамолигида яратилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, устахонамизда 15 турдаги атлас, адрас, беқасам каби миллий матолар тўқиб, ота-боболармиз анъаналарини давом эттирмоқдамиз. Танловда ғолиб бўлганимиз меҳнатимизга берилган юксак баҳо сифатида бизни янги изланишларга рағбатлантиради.
Танловнинг вилоят босқичида 35 тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ўзи ишлаб чиқараётган ва етиштираётган икки мингдан зиёд турдаги саноат, ҳунармандлик ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини намойиш этди. Миллий ҳунармандликнинг қўл меҳнатига асосланган анъанавий турлари – тўқимачилик, зардўзлик, каштачилик маҳсулотлари, айниқса, кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
– Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг вилоят иқтисодий-ижтимоий ривожидаги улуши йилдан-йилга ўсмоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояи ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Иброҳимжон Сатторов. – Ўтган йили вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 80 фоизни ташкил этгани ҳам фикримиз исботидир. Айни пайтда вилоятда 15 минг 494 кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида беш юзга яқин янги кичик бизнес субъекти иш бошлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус” кўрик-танлови тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар ўртасида ўзаро соғлом рақобатни кучайтириш, соҳа ривожланишини рағбатлантирувчи қулай муҳит яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинациясида Наманган шаҳридаги “Наманган момиқ сочиқлари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғиёсиддин Бобохонов, “Йилнинг энг яхши фермери” йўналишида Поп туманидаги “Раис Санг” фермер хўжалиги раиси Илёс Ботиров биринчи ўринни қўлга киритди.
“Энг яхши ёш тадбиркор”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши экспортчи”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Энг яхши оилавий бизнес” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, тақдирланди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов сўзга чиқди.