Қуёш панеллари сув ва даромад келтиряпти
Фарғона туманидаги “Жалолиддин Ғоипов” наслчилик фермер хўжалиги ўзининг чорвачилик ер майдонидаги тик суғориш қудуғини электр билан таъминлаш учун қуёш панелларини ўрнатди.
Франция тараққиёт агентлиги кредит линиясидан фермерга 51 кВтли қуёш панелларини ўрнатиш учун 300 млн.сўм кредит Ҳамкорбанк орқали ажратилди. Фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёржон Усмоновнинг айтишича, тик қудуқ-дренаж ишлаши учун соатига 37 кВт қувват зарур экан. Қуёш панеллари эса 51 кВт соат электр ишлаб чиқаради. Шундай қилиб, қуёшли кунларда ўзининг эҳтиёжидан ташқари ҳар куни 80-100 кВТ электр энергияси сотиш имкониятига эга бўлди. Агар буни пулга ҳисобланса, кунига давлатга 70-80 минг сўм, бир ойда 2 млн.сўмдан кўпроқ электр энергияси сотади.

– Фермер хўжалигимиз чорвачиликка ихтисослашгани учун 65 гектар ерга маккажўхори, арпа, буғдой, беда экканмиз, – дейди “Жалолиддин Ғоипов” номли фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёржон Усмонов. – Ерларимиз қир-адирда, шунинг учун сув танқислиги бўлар эди. Энди тик қудуқни қуёш панелларидан олинган энергия ҳисобига узлуксиз ишлатиш имкони пайдо бўлди. Қолаверса, қўшимча даромад ҳам оляпмиз.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА