Қуёш электр станцияси қурилди
Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани “Замир Амон” фермер хўжалигида 160 миллион сўм эвазига 11 киловатт соат қувватга эга қуёш электр станцияси қурилди.
– Бизнес лойиҳаларимиз қаторида Хитойнинг “Blue Carbon” компанияси билан ҳамкорлик қилиб, юртимиз бўйлаб муқобил энергия манбаи асосида кўча чироқлари, шу каби замонавий инновацион воситаларни олиб келиб, ўрнатиб, мижозларимизга кафолатланган хизмат кўрсатамиз, –дейди пойтахтимиздаги “MUVA NEV MATERIALS” МЧЖ сотув бўлими бошлиғи Ботиржон Асқаров. – Қоровулбозор тумани ҳокимлиги билан тажриба-синов тариқасида мазкур 45 киловатт соат қувватга, 3 та батареяли, йиғилган энергияни 18 соат муддатга захира қиладиган қуёш электр станциясини қуриб беришга келишгандик. Бир неча кун мобайнида хитойлик мутахассислар билан тумандаги “Замир Амон” фермер хўжалиги даласига шу муқобил энергия станциясини ўрнатдик.

Бу электр станциясининг афзал жиҳатлари кўп. Масалан, ундан электр токи етиб бориши қийин бўлган ҳудудлар, чўл массивлари, яйловларда, чорвачилик, паррандачилик, бошқа тармоқларда, шунингдек, электр энергия таъминоти носоз, тармоқда кўп узилишлар кузатиладиган тиббий даволаш муассасаларида, кўп қаватли турар жой, ижтимоий соҳа иншоотларида бемалол фойдаланиш мумкин. Кўча ёритиш чироқлари, насос станцияларидан тортиб, лифт қурилмаларини ишлатишда, тегирмон ва бошқа технологияларни юритишда қўлланилади. Ҳатто, истеъмол бўлмаган вақтда захира қилинган муқобил электр энергия қувватини тармоққа сотиб, моддий манфаат кўриш ҳам мумкин.


Мутахассисларнинг фикрича, “Замир Амон” фермер хўжалигига ўрнатилган бу электр станцияси хизмат кўрсатиш муддати 10 йилга мўлжалланган бўлиб, уни қуришга умумий қиймати 160 миллион сўм маблағ сарфланган. Эндиликда хўжаликда насос агрегатларидан фойдаланиш, томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш кўзда тутилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.