Қуйи палатанинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда модераторлик қилган Спикер ўринбосари Р.Ҳакимов дастлаб Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан ўтказган учрашуви хусусида тўхталиб ўтди.
— Давлатимиз раҳбари учрашувда шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаларининг эришган ютуқлари Ўзбекистонда спортга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий натижаси, ўзбек шахматининг янги даражаси эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, учрашув давомида давлатимиз раҳбари юртимизда спортни, хусусан, шахматни янада ривожлантиришга қаратилган қатор устувор мақсад ва вазифаларни белгилаб бердилар. Хусусан, янги Ўзбекистонни нафақат Олимпиада чемпиони, балки дунё шахмат марказига айлантириш, шу мақсадда ҳар бир вилоят, туман ва маҳаллада иқтидорли болаларни эрта аниқлаш, уларни кучли устозларга бириктириш ва халқаро турнирларда мунтазам қатнашишга шароит яратиш вазифаси қўйилди.
Қизлар шахмати ва парашахматни ривожлантириш бўйича алоҳида тизим ташкил этилиши, Тошкент халқаро шахмат академиясининг Самарқанд, Хоразм ва Фарғона минтақавий филиалларини очиш, олий тоифали мураббийлар тайёрлаш каби вазифалар қўйилди. Шунингдек, “Uzbekistan Grand Chess” йиллик бренди остида халқаро турнирларнинг мунтазам ўтказиб борилиши, Янги Тошкентда 500 кишилик ўйин зали ҳамда бино ва спорт майдончаларига эга замонавий шахмат клуби ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Учрашувда шахмат ва парашахмат олимпиадалари ғолиб ва совриндорларини, уларнинг мураббийларини рағбатлантириш тўғрисида қабул қилинган қарорга мувофиқ, чемпионларга уй-жой, автомобиль ҳамда пул мукофотлари Президентимизнинг шахсан ўзлари томонидан тантанали равишда топширилди. Бу – давлатимиз раҳбарининг спорт соҳасига қаратаётган юксак эътибори ҳамда спортчиларнинг ушбу ғалабасига берилган муносиб баҳо, уларнинг келгуси ютуқларига билдирилган катта ишончидир, — деди Р.Ҳакимов.
Шунингдек Спикер ўринбосари, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бугун давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон” университетида устоз ва мураббийлар билан учрашув ўтказгани, унда таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ ходимлар давлатимизнинг фахрий унвонлари, юксак орден ва медаллари билан мукофотланганига урғу берди. Таълим тизимидаги ислоҳотлар, бу жараёнда парламентнинг ўрни ҳақида тўхталди.
М.Комилова,
ЎзА