Қуйи Чирчиқлик ёшлар референдумда фаол қатнашади
Қуйи Чирчиқ туманидаги “TCT Cluster” кўп тармоқли кластери томонидан бунёд этилаётган “Tashkent Cotton Textile” замонавий тўқимачилик фабрикаси “Ўзбекистон – ёшлар мамлакати” шиори остида ўтказилаётган ёшлар сайллари доирасидаги концерт дастурига мезбонлик қилди.
Дастлаб Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ва кластер ҳамкорлигида ташкил этилган "Яшил маконни бирга қурамиз" шиори остида 40 сотих майдонга манзарали бута ва дарахт кўчатлари экилди. Унда вилоят фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳудуд ёшлари фаол қатнашди.

Шундан сўнг асосий тадбирлар бошланди. Унда иштирок этган ёшлар “Сеники”, “Меники", “Бизники”, “Конституция — ўзимизники” шиори остида ранг-баранг плакатлар ва Давлатимиз байроғини баланд кўтарди.
Тадбир очилишида сўзга чиққан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, иқтисодиёт фанлари доктори, Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси, сенатор Муртазо Раҳматов янгиланаётган Конституциямизнинг қатор моддаларида ёшлар ҳуқуқ-манфаатлари, уларнинг таълим ва касб-ҳунарга эга бўлишига оид нормалар акс этаётганлиги, референдум ўтказиш тартиби ҳақида сўзлаб берди. Барчани Конституция ислоҳотларида фаол бўлишга чақирди.

Маълумки, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаларида билдирилган таклифлар муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш, дам олиш каби ҳуқуқларнинг киритилиши фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиради. Охирги йилларда қишлоқ хўжалиги тармоқларида юқори натижаларга эришаётган Қуйи Чирчиқ туманида ҳам бу саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг ишлар қилиняпти.
Ҳадемай фойдаланишга топшириладиган мазкур йирик корхонада 5 минг нафарга яқин аҳоли иш билан таъминланади. Уларнинг 95 фоизи ёшлардир. Лойиҳа қиймати эса 140 миллион еврога тенг бўлиб, тайёр тўқимачилик ва тикув маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

“Tashkent Cotton Textile” МЧЖ ўзида ип йигирув, бўяш, тўқимачилик, пардозлаш ва тикувчилик фабрикаларини бирлаштиради. Ушбу мажмуада йилига 20,6 минг тонна мато ва 65 миллион дона тайёр тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг 80 фоизи МДҲ ҳамда Европа давлатларига экспортга йўналтирилади.
Шу кунларда фабрикада хорижий давлатлардан олиб келинган сўнгги русумдаги ип йигириш дастгоҳларини ўрнатиш ишлари якунига етказилмоқда.

Тадбир давомида ёшлар замонавий фабрика ҳақида ҳам таассуротларга эга бўлди.
Тарғибот тадбирида сўзга чиққанлар барчани Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказиладиган референдумда фаол бўлишга чақирди. Эстрада хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

А.Мусаев, ЎзА.