Қуйи Амударёда сув ресурсларини бошқариш бўйича янги Концепция қандай натижа беради?
“Eco Expo 2026” халқаро кўргазмаси доирасида Қуйи Амударё ҳавзаси учун сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш режаси (СРИҲБ) концепцияси имзоланди. Ушбу ҳужжат иқлим ўзгаришлари таъсирига энг заиф ҳудудлардан бири бўлган Оролбўйида сув ресурсларини янада мувофиқлаштирилган ҳолда илмий асосланган ва барқарор бошқариш учун замин яратади.
Концепция Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси томонидан БМТнинг Тараққиёт дастури (БМТТД) ва Глобал экологик жамғарма билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Aral Sea Wetlands” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган.
Ҳужжатни Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпулатов ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров имзоладилар.
Концепциянинг идоралараро даражада қабул қилинишиунинг сув ва қишлоқ хўжалиги, экотизимларни муҳофаза қилиш ҳамда Қуйи Амударё ҳудудини барқарор ривожлантириш бўйичамувофиқлашган ечимларни ишлаб чиқиш учун ягона платформа сифатидаги амалий аҳамиятини кўрсатади.
– Орол фожиаси дунёдаги энг мураккаб экологик муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Бироқ, бугун фермерлар ўзгарувчан иқлимга мослашаётгани, маҳаллий аҳоли эса ижобий ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланаётганини ишонч билан айта оламиз, – деди қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров. – Тажрибамиз шуни кўрсатмоқдаки, иқлимга чидамли қишлоқ хўжалигини ва ер ресурсларини барқарор бошқариш тизимини уйғун ҳолда ривожлантириш мумкин. Бундай ёндашув бир вақтнинг ўзида деградацияга учраган ерларни тиклаш ва аҳоли учун янги иқтисодий имкониятлар яратиш имконини беради.
Концепция сув ва қишлоқ хўжалиги ҳамда экологияга доир тарқоқ чора-тадбирлардан сув ресурсларини бошқаришни комплекс режалаштиришга ўтишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ҳужжатда анъанавий маъмурий бошқаришдан гидрографик, яъни ҳавза тамойилига ўтишга урғу берилган. Ушбу ёндашув барча сувдан фойдаланувчиларнинг манфаатлари, табиий экотизимлар ҳолати, қишлоқ хўжалиги, коммунал соҳа, энергетика, балиқчилик ва маҳаллий аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олиш ҳамда иқлим ва экология билан боғлиқ узоқ муддатлихавф-хатарларни инобатга олган ҳолда қарорлар қабул қилиш имкониятини яратади.
– Сув озиқ-овқат хавфсизлиги, экотизимлар ҳолати, иқтисодиёт барқарорлиги ва одамлар фаровонлигини белгилайдиган муҳим ресурсдир. Шу боис, сув ресурсларини интеграциялашган ҳолда бошқариш Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Биз Ўзбекистоннинг Қуйи Амударёда сув ресурсларини бошқаришда ҳавза ёндашувини илгари суриш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаб, Оролбўйини тиклаш йўлидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга умид қиламиз, – деди БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Анас Карман.
Концепция сув ресурсларини янада тизимли баҳолаш, ҳар бир куб метр сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ресурслар учун низолар хавфини камайтириш ҳамда иқтисодий, ижтимоий ва экологик эҳтиёжлар ўртасидаги мувозанатни таъминлаш имконини берадиган амалий восита – СРИҲБ режасини ишлаб чиқишга замин яратади.
Мазкур режа доирасида Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё ва Мўйноқ туманлари қамраб олинади. Бунда маҳаллий даражада сувга бўлган талабни бошқариш, сув ҳисобини рақамлаштириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда фермерлар ва маҳаллий аҳолини қарор қабул қилиш жараёнларига жалб этиш бўйича амалий ёндашувлар қўлланилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА