Қувайтнинг етакчи ишбилармонлари Сирдарёда
Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев Қувайт ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Аҳмад Алалаж бошчилигидаги етакчи ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегацияни қабул қилди. Учрашувда ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Вилоят ҳокими Президентимиз ва Қувайт Амирининг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати туфайли икки томонлама муносабатлар мутлақо янги даражага кўтарилганини қайд этиб, бугунги учрашув ҳам кўп қиррали шерикликни ривожлантириш йўлида аниқ қадамларни белгилаш имконияти эканлигини таъкидлади. Қувайтдан Сирдарё вилоятига цитрус мевалар, нефть-кимё маҳсулотлари, асбоб-ускуналар импортини йўлга қўйиш, ўз ўрнида ушбу давлатга дуккакли экинлар, ун, тўқимачилик, фармацевтика маҳсулотлари, қуруқ мевалар экспорти ҳажмини ошириш лозимлиги ва бу борада ҳар томонлама кўмак берилишини билдирди.

Қабул чоғида меҳмонлар вилоятда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, инвесторларга яратилган имтиёзлар, ҳудуддаги мавжуд инфратузилма ҳолати бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Мулоқот якунида яқин вақт ичида Сирдарё вилояти делегациясининг Қувайтга хизмат сафарини ташкил этиш, музокараларни давом эттириш ҳамда қўшма тадбирлар дастурини тайёрлашга келишиб олинди.

Учрашув доирасида G2B ва B2B форматларида музокаралар олиб борилиб, тадбиркорлар келгусидаги шерикликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилишди.
Ғулом Примов,Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат),
ЎзА мухбирлари