Қувасойда янги ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади
Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида иккита янги ишлаб чиқариш корхонаси – “Fertex” масъулияти чекланган жамиятининг этил спирти ишлаб чиқариш ҳамда “Glass Expo” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган ойнага ишлов бериш ва ойна маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари ишга туширилди.
“Сойбўйи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кичик саноат зонасида амалга оширилган ойнага ишлов бериш ва ойна маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳаси қиймати 3 миллион доллар бўлиб, асосан лойиҳа ташаббускори Рустам Султановнинг ўз маблағлари, шунингдек, хорижий кредит линияси ҳисобидан молиялаштирилган. Йиллик 54 миллиард сўмлик 300 минг квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхонада жами 60 та иш ўрни яратилади. Корхонага Германия, Италия ва Хитойдан келтирилган замонавий жиҳозлар ўрнатилган.
[gallery-13369]
Тадбиркор Маҳаммаджон Исмоилов раҳбарлигидаги “Fertex” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилган этил спирти ишлаб чиқариш лойиҳасининг қиймати 3 миллион доллар бўлиб, буғдойдан йилига 1,4 миллион литр спирт ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг қарийб ярми қўшни давлатлар ҳамда Россияга экспорт қилиниши режалаштирилмоқда. Янги корхонада 75 доимий иш ўрни яратилган. “Пакана” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қуриб битказилган жами 240 хонадондан иборат 8 та 5 қаватли замонавий турар-жой бинолари фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимларида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров олган суратлар