Қувалик ёшлар кексаларга эҳтиром челленжини бошлади
Фарғона вилоятида ҳам "Кексалар ҳафталиги" кенг миқёсида нишонланаётган бўлиб, ёши улуғ инсонларга алоҳида эҳтиром кўрсатилмоқда.
Қува туманидаги хорижий тиллар ва аниқ фанларни ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб- интернати ташаббуси билан ”Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш-xалқимизга xос эзгу фазилат” мавзусида учрашув ва маърифий кечалар ўтказилмоқда.
“Кексалар ҳафталиги” кунларида мактаб ўқувчи- ёшлари “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинида умргузаронлик қилаётган нуронийларни йўқламоқда. Кексалар бошидан ўтган оғир ҳаёт йўли, бугунги фаровон турмуш тарзи ҳақида дилдан суҳбат қуришмоқда.
Ана шундай учрашув “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини Ёрқин кўчаси 18-уйда умргузаронлик қилаётган Ўғилча она Деҳқонова хонадонида бўлди. 82 ёшни қарши олган онахон маҳалла ёшлари, ўқитувчи ва мураббийларнинг эътиборидан руҳланди. Юрт тинчлиги, ёши улуғ инсонларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларни алқаб дуо қилди.
Шу маҳаллада яшаётган Тожихон Каримова бу йил 85 ёшга тўлди. Пиру-бадавлат онахон олти ўғил, икки қизни тарбиялаб элга қўшди. Бугун юзлаб набира, чевара, эвараларнинг суюкли бувиси кексалик гаштини суриб юрибди.
–Биз кексаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳеч қаерда йўқ,-дейди дуога қўл очган онахон. – Кексаларни бошига кўтарадиган Юртбошимиз бор. Остона хатлаб йўқлаб келувчилар кўп. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлаверсин.
"Кексалар ҳафталиги" доирасидаги учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар барча ҳудудларда давом этмоқда.
М. Сулаймонов, ЎзА