Қувада гулчилик кооперациялари самарали фаолият юритмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Қува тумани миришкорлари мевали ва манзарали дарахтлар, буталар, гул кўчатлари етиштириш соҳасида катта тажрибага эга.
Бу борада яратилган қулай шароитлар туфайли кейинги йилларда туманда соҳа фаолияти жадал ривожланмоқда. Айни пайтда қувалик миришкорлар нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё давлатларига мевали ва манзарали дарахтлар ниҳоллари, гул кўчатлари етказиб беришда пешқадамлик қилмоқда.
[gallery-7297]
Жорий йил туманда 341 гектар ер майдонлари аукционга чиқарилиб, унинг 281 гектарида атиргул кўчатлари етиштириш режалаштирилган. Ҳозирда 281 гектар ер майдонининг 168 гектарига атиргул уруғи, 81 гектарига атиргул ниҳоли, 32 гектар ер майдонига атиргул кўчатлари экилиши таъминланиб, томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилган. Мазкур майдонлар тумандаги 5 та атиргулчилик кооперацияларига бириктирилди.
–12 гектар ерда гулчилик кооперацияси ташкил этдик, - дейди “Гуллар водийси” оилавий корхонаси раҳбари Умиджон Бозоров. – Ҳар бир гектардан йилига 150 минг дона атиргул кўчати етиштирилиб, ўртача 5 минг сўмдан сотиш мумкин. Сарфланган харажатлар чегириб ташланса, натижада бир гектар ерда етиштирилган атиргул кўчатларидан 550-600 миллион сўм соф фойда олиш имкони бор.
Энг муҳими, гулчилик кооперациясида 100 та доимий ҳамда 150 та мавсумий иш ўрни яратилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат),ЎзА