
Ватанимиз тарихидаги 20 апрель санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1406 йил (бундан 619 йил олдин) – тарихчи олим Фасиҳ Аҳмад Хавофийнинг қайд этишича, Даргузин мавзеси атрофларида ўттиз ёшли темурий шаҳзода Пирмуҳаммад ўзининг йигирма тўрт ёшли амакиваччаси Абу Бакр қўшини билан тўқнашди. Ўртада қаттиқ жанг бўлди. Натижада иккала тарафдан тўрт мингга яқин отлиқ ва пиёда аскар ҳалок бўлди. Жангда амирзода Абу Бакр ғалаба қозонди.
1410 йил (бундан 615 йил олдин) – Самарқанд яқинидаги Қизилравот мавзесида Шайх Нуриддин бошчилигидаги исёнкор иттифоқчилар билан Мирзо Улуғбек қўшинлари ўртасида жанг бўлди. Жангда Улуғбек мағлубиятга учраб, Калиф томонга чекинди. Улуғбекнинг отаси Шоҳрух Мирзо Самарқандга етиб келиб, Шайх Нуриддин исёнини бостирди.
1812 йил (бундан 217 йил олдин) – ҳинд амалдори Мир Иззатуллонинг Турон бўйлаб саёҳати бошланди. Мазкур саёҳат 1813 йил 16 декабргача – бир йилдан кўпроқ давом этди. У Қўқон, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, ўз саёҳатномасини ҳам ёзиб қолдирган. Бу саёҳатнома ўлкага оид қимматли тарихий-географик ва тарихий-этнографик маълумотлар беради. Айнан Мир Иззатуллонинг саёҳатидан сўнг XIX асрда Ост-Индия компаниясининг зобит ва хизматчилари ўлкани ўрганиш мақсадида кўплаб саёҳатлар уюштирганлар.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Мир Иззатуллонинг таржимаи ҳоли ҳақидаги маълумотлар жуда кам. У Ҳиндистоннинг мусулмон аҳолиси яшайдиган ҳудудларидан бўлиб, инглизлар хизматига кирган. Саёҳатномаси анъанавий Шарқ адабиёти йўлида, форс тилида ёзилган. Асар қўлёзмаси 1826 йилда Парижда француз хариташуноси Г.Клапрот томонидан нашр қилинган.
1904 йил (бундан 121 йил олдин) – Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқов таваллуд топди (вафоти 1963 йил). У – баланд, ширадор ва ўта таъсирли овоз соҳиби. Маъмуржон Узоқов Фарғона хонандалик мактаби анъаналарини давом эттирди ва ўзбек мусиқа маданияти тарихида чуқур из қолдирди. У, вафотидан сўнг, 2000 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
1909 йил (бундан 116 йил олдин) – шоира, фольклоршунос, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Музайяна Алавия таваллуд топди (вафоти 1988 йил). У халқ ижодкорларидан кўплаб фольклор асарларини ёзиб олган ва нашрга тайёрлаган. Ўзбек халқ қўшикларининг бадиий-эстетик хусусиятлари, маросим фольклори бўйича тадқиқотлар олиб борган.
1914 йил (бундан 111 йил олдин) – ўзининг Қўқон сафари ҳақида Қозон университети қошидаги археология, тарих ва этнография жамиятига йўллаган ҳисобот маърузасида шарқшунос-туркшунос олим Аҳмад 3аки Валидий наманганлик Муҳаммадҳожи Лолареш исмли кишининг шахсий кутубхонасида Юсуф Хос Ҳожиб қаламига мансуб “Қутадғу билиг” асарининг араб ёзуви билан кўчирилган нусхаси мавжудлиги ҳақида хабар берди. Араб ёзувидаги бу қўлёзма мазкур асарнинг ҳозирга қадар илм аҳлига маълум бўлган Ҳирот (Вена) ва Қоҳира нусхаларидан кейинги учинчи нусхаси эди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Аҳмад Заки Валидий 1913 йили Қозон университетининг профессори Н.О.Катанов топшириғи билан Қўқон, Марғилон, Андижонда бўлиб бир қанча нодир қўлёзмаларни сотиб олади ва Наманган шаҳрига бориб Муҳаммадҳожи Лоларешда “Қутадғу билиг”нинг яна бир нусхаси борлигини аниқлайди. Аммо бу қўлёзмани олишнинг иложи бўлмайди. Фақатгина 1924 йилда Абдурауф Фитрат мазкур нусхани олишга муяссар бўлади ва Тошкентдаги Асосий кутубхонага олиб келади.
1982 йил (бундан 43 йил олдин) – Бухоро ва қисман Самарқанд вилоятлари ҳудудлари асосида Навоий вилояти ташкил этилди. У 1988 йилда маъмурий бирлик сифатида тугатилиб, 1992 йил бошида қайта тикланди. Навоий вилоятида кадимги давр ва ўрта асрларда қурилган ўндан зиёд меъморий ёдгорликлар бор. Вилоятда ўттизга яқин археология ёдгорликлари мавжуд. Айниқса, Навбаҳор тумани Учтут қишлоғидаги неолит даврига оид шахта, Нурота тумани ҳудудидаги Қоратоғда милоддан аввалги учинчи асрга оид қоятош ёзувлар ва бошқалар шулар жумласидан.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Америка Халқаро тадқиқотлар ва илмий алмашувлар кенгашининг Тошкентдаги ваколатхонаси АЙРЕКС (IREX – International Research&Exchanges Board) очилди.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2000 йил (бундан 25 йил олдин) – Қашқадарё вилоятининг тоғли ҳудудларида зилзила содир бўлди. Ушбу табиий офат айниқса, Қамаши тумани фуқарлари учун оғир ва мураккаб тарзда ўтди. Зилзиладан зарар кўрган жойларни тиклаш учун туманга 2 миллиард сўм маблағ ажратилди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Тошкент шаҳрида Корейс маданияти ва санъати уйининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунчасини, турларини, ушбу ҳужжатларнинг ўзаро юридик кучи ва нисбатини белгилашдан, шунингдек уларни режалаштириш, ташаббус қилиш, тайёрлаш, экспертизадан ўтказиш, келишиш, қабул қилиш, эълон қилиш, уларнинг ижросини ташкил этишни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади нобанк кредит ташкилотлари фаолияти ва микромолиялаштириш фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Илмий-методик ва тадқиқот ишлари сифатини ошириш орқали таълим тизимини комплекс ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА