Қушларнинг кўчиши – муҳим жараён
Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги 1-сонли умумтаълим мактабида Бутунжаҳон кўчманчи қушлар куни ва Экологик таълим кунига бағишланган маърифий-амалий тадбир бўлиб ўтди. Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда табиат ва ҳайвонот олами, айниқса, кўчманчи қушларни муҳофаза қилиш масалалари муҳокама этилди.
– Ўзбекистон ҳар йили баҳор ва куз фаслларида миллионлаб кўчманчи қушлар учун транзит ҳудуд ҳисобланади, – деди тадбир иштирокчиси, бошқарма мутахассиси Ҳусан Қуролов. – Мамлакатимиз ҳудудидан 280 га яқин турдаги қушлар, жумладан, оқ ғозлар, пеликанлар ва фламинголар ўтади. Улар Марказий Осиё, Сибир, Ҳинд океани соҳиллари ва Африка йўналишидаги табиий кўчиш йўлида юртимизда тўхтаб, дам олишади. Бу ҳолат биологик хилма-хиллик ва экотизим барқарорлиги учун жуда муҳим.

“Вақт ўтиши билан қушлар ва одамларнинг кўчиши” мавзусидаги мазкур тадбирда инсон ва табиат ўртасидаги узвий боғлиқлик, экотизимлар мувозанати ҳамда глобал миграция жараёнларининг ўзаро таъсирига эътибор қаратилди.
– Инсонлар каби қушлар ҳам яшаш учун қулай муҳит излайди – бу табиий жараён. Аммо қурилиш, ифлосланиш, ўрмон ва ботқоқзорларнинг қисқариши каби антропоген таъсирлар бу жараёнга жиддий тўсиқ бўлмоқда, – дея таъкидлади мутахассис.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилиги ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Экологлар "Қизил китоб"га киритилган қушлар, уларни овлаш ёки яшаш муҳитига зиён етказиш ҳолатлари қонун бўйича жавобгарликка сабаб бўлишини таъкидлашди.
Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблар тарзида ўтган ушбу тадбир ўқувчилар учун нафақат билим манбаи, балки экологик масъулиятни англашга хизмат қиладиган муҳим учрашув бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири