“Қуролсиз аскарлар” кўрсатган жасорат
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Урал ўлкаси ҳарбий-мудофаа ишлаб чиқарувчи асосий ҳудудга айланди. Чунки бу ер уруш бошланиши давриданоқ ишлаб чиқариш инфратузилмасига эга, саноатлашган ҳамда темир йўллар жойлашган қулай макон эди.
Урушнинг дастлабки икки йилида Россиянинг Европа қисмидан 730 та саноат корхонаси иттифоқнинг турли ҳудудларига эвакуация қилинган эди. Шунинг учун Урал ҳудудларидаги саноат корхоналарига минглаб одамлар сафарбар қилинди ва меҳнатга ёлланди. Улар саноат корхоналарида, ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа турли муассасаларда ишлаши кўзда тутилиб, тўлалигича “меҳнат армиячилари”га айлантирилди. Эвакуация қилинганларнинг аксарияти маҳаллий аҳоли сингари турмуш кечирса, бошқа бир қисми махсус шароитларда кун кўришга мажбур бўлган.
Турли миллат ва элатлардан таркиб топган меҳнат колонналаридаги ишчилар уруш якунлангунга қадар ишлаши белгиланди ва уларнинг сафи янги-янги кучлар билан мунтазам тўлдириб борилди. Тарихий далиллар шуни исботлайдики, Иккинчи жаҳон уруши йилларида Уралга жалб қилинган “меҳнат армиячилари” 3 тоифага бўлинган. Биринчи тоифа – совет-немислари, иккинчи тоифа – Ўрта Осиё ҳарбий округидан жалб қилинганлар, учинчи тоифа эса махсус кўчкинчилар эди. Ушбу тоифа вакиллари “қуролсиз аскарлар” сифатида меҳнат қилди ва тарихда ном қолдирди.
ВКП(б) Марказий Комитети Сиёсий бюросининг 1941 йил 31 августдаги “Украина ҳудудидаги немислар ҳақида”ги қарори билан иттифоқ ҳудудларида яшовчи немис миллатли аҳоли “меҳнат армияси”га оммавий жалб қилинган илк халқлар бўлиб тарихга кирди.
Мудофаа халқ комиссарлигининг 1941 йил 8 сентябрдаги 35105 рақамли директиваси билан Қизил Армия таркибидаги немис миллатига мансуб халқларни хизматдан озод қилиш белгиланди. Бунга кўра, эндиликда бу миллат фуқароларини ички округлар ва қурилиш ҳарбий қисмларга йўналтирилди. Айнан мана шу даврдан бошлаб Уралда илк “меҳнат армиячилари” шакллана бошланди.
Иттифоқ Давлат мудофаа комитетининг 1942 йил 14 октябрдаги қарори билан Ўрта Осиё ҳарбий округидан 350 минг оддий фуқаро “меҳнат армиячилари” сифатида Уралга юборилди. 1943 йилнинг кузида жалб қилинганларнинг асосий қисми Ўзбекистондан эди. 1943 йилнинг 15 апрелида 67000 меҳнаткаш, яъни ҳудудга жойлаштирилган Ўрта Осиё аҳолисининг 48,6 фоизини ўзбекистонликлар ташкил қилган. Улардан Свердловск вилоятига - 15131 киши, Челябинск вилоятига - 7427, Молотовга - 2212, Чкаловга - 2523, Бошқирдистонга - 2357 ва Удмуртияга - 2970 нафар киши жойлаштирилган. Ўзбеклардан ташқари бу ерларда тожиклар, туркманлар, қирғизлар ва қозоқлар ҳам бўлган. Бу миллат вакилларининг сони 30 мингдан ортиқ бўлган.
“Меҳнат армиячилари”нинг учинчи тоифасига Иттифоқ ҳудудига депортация қилинган, собиқ қулоқлар ва уларнинг оила аъзолари, ишчилар колоннаси таркибидаги махсус кўчирилганлар мисол бўлади. Ўрта Осиёдан амалга оширилган сафарбарлик шу қадар “ўта шошилинч” тартибида ташкил қилинди. Ҳатто йирик эшелонлар 3 кун ичидаёқ шакллантирилиб, биринчилардан бўлиб 1700 кишини ўз ичига олган эшелон Тошкент ҳарбий комиссариатидан Бошқирдистонга қараб йўл олган.
Шошма-шошарлик билан узоқ ва совуқ ҳудудларда юборилган меҳнаткашларга иссиқ кийим-бош ва оёқ кийим беришга улгуришмаган. Тўғрироғи, иссиқ кийимларни борган заводлардан берилиши айтилган бўлса, заводлар эса йиғув пунктларидан берилиши кераклигини таъкидлаган. Бунинг натижасида совуқ ўлкаларга келган меҳнаткашлар эгнида енгил кийимлар ва бошларида дўппилари билан қолган. “Меҳнат армиячилари” сиёсий етакчиларнинг саъй-ҳаракатлари ҳамда Урал халқининг бағрикенглиги билан фронтга кетган турмуш ўртоқлари ва ака-укаларининг қолган кийим-бошлари билан таъминлаши натижасида муаммолар аста-секинлик билан ҳал қилинган.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон ҳудудларидан “меҳнат армиячилари”нинг Урал ҳудудларига келиши 1941 йилнинг охирларига тўғри келади. Уларнинг катта қисми 1942 йилнинг кузи ва 1943 йилнинг баҳорида юборилган. “Меҳнат армиячилари”нинг, тўғрироғи “меҳнат кўчкиндилари”нинг катта миқдорда юборилганлигини биргина Ўзбекистон мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, 1941-1943 йилларда 155 минг нафар ўзбекистонлик меҳнатга сафарбар қилинган эди.
Тадқиқотлар кўрсатадики, Ўрта Осиёдан борган “меҳнат армиячилари”нинг аксарияти қишлоқ деҳқонлари бўлган. Рус тилини билмаслиги ва совуқ ҳавога мослашмаганлиги сабабли кўп қийинчилик ва машаққатларни бошидан кечирган. Яшаш шароитларининг оғирлиги ва ўзларининг эскирган кийимларида ишлаши оқибатида ниҳоятда азоб-уқубат чеккан.
Очарчилик, озиқ-овқат танқислиги, оғир меҳнат, турар жойларнинг нобоплиги, изғирин совуқ ва бошқа кўплаб сабаблар туфайли “меҳнат армиячилари”нинг кўп қисми ҳалок бўлган. Кейинчалик Ўзбекистон ва Тожикистондан озиқ-овқат маҳсулотлари юкланган эшелонлар юборила бошланган.
Удмуртиялик олим Т.Третяковнинг тадқиқотларида уруш йилларида “меҳнат армиячилари” сифатида 51 рақамли трестга сафарбар қилинган ўзбеклар Бухоро ва Термиз ҳудудларидан бўлгани, улар турли ёшда бўлиб, орасида чорвадор, косиб, новвой, ўт ўчирувчи каби турли касблар эгалари борлиги қайд этилган.
– Менинг отам Алексей Василевич Семеновский “Уралмаш” заводида ўн тонналик прессда темирчи бўлиб ишлаган, – дейди “Уралмаш” заводининг собиқ ишчиси Владимир Семеновский. – Унга кўплаб ўзбеклар ёрдамчи бўлган. Улар завод ошхонасидан бериладиган овқатни емаган, ўзлари ҳам юпун кийинган. Оғир меҳнат ва кам овқатланишдан вафот этган кўплаб ўзбекларнинг ёнларидан тўпланган пуллар топилган. Бунинг сабаби, улар меҳнат қилиб топган ҳалол пулларини кейинчалик уйларига, оиласига олиб боришни орзу қилган эди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Свердловск заводидаги ишчилар ҳолатини ўрганган Урал давлат университети тадқиқотчиларининг таъкидлашича, “Уралмаш” заводига сафарбар қилинган Ўрта Осиё вакиллари ҳақидаги ҳужжатларда ўзбеклар ва тожикларнинг балиқ, колбаса, қўзиқорин, шўр карам емаслиги маълум бўлган. Ваҳоланки, овқат фақат шу маҳсулотлардан тайёрланар эди. Ҳолат шу даражага етганки, оғир меҳнат қилишига қарамасдан оиласини ўйлаб, ҳатто иккинчи овқатни ҳам емасдан бошқаларга сотиб, пул тўплашга ҳаракат қилганларга кейинчалик умуман овқат берилмаган.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўз ватандошлари бўлган ишчилар учун алоҳида озиқ-овқат бригадалари ташкил қилиб, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш шароитларини йўлга қўйган. Кейинчалик кўплаб саноат корхоналарида ўзбек миллий таомлари тайёрланадиган бўлган. “Уралмаш” ҳудудида, шунингдек Удмуртиядаги 51-трест ҳудудларида ҳам ўзбекона чойхоналар, ҳатто Орскда 10 та шарқона услубдаги чойхона пайдо бўлган. Аммо ҳамма жойда ҳам бу каби қулай шароитлар бўлмаган. Аксарият ишчилар бошқа миллат вакиллари билан баракларда, совуқда кун кечирган.
Ўрта Осиёдан борганлар, жумладан, ўзбек мусулмонлари оғир меҳнат шароитларида вафот этган юртдошларини дафн қилишда айрим муаммоларга дуч келган. Чунки, маҳаллий ҳудуд эътиқодларидан фарқли ўлароқ майитни кафанлаш масаласида тоза мато топиш муаммо ва қиммат бўлганлиги сабабли улар ётоқларидаги тўшак устига ташланадиган тоза матодан фойдаланган. Бу эса ўзаро низоларга ҳам сабаб бўлгани айтилади.
Сирасини олганда, Ўрта Осиё ва Қозоғистондан мамлакатнинг Урал, Жанубий Урал, Бошқирдистон, Челябинск ва бошқа ҳудудларига юз минглаб кишилар меҳнат фронтига жалб этилди. Улар мислсиз оғир қийинчилик ва очарчилик шароитида фронт талабини қондириш, душман устидан ғалаба қозониш учун қурол-аслаҳа, ўқ-дори, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларни тайёрлашда улкан қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатди.
2020 йилда Ўзбекистонда нашр қилинган китоб-албомда келтирилишича, 1941-1943 йилларнинг ўзида Ўзбекистондан 155 минг киши меҳнат армиясига сафарбар қилинган. 1943 йили РСФСРнинг 14 област, 4 автоном республикаси ва Кросноярск ўлкасида 60 мингга яқин ўзбеклар ишлаган.
Мақоми ҳарбий аскарга тенглаштирилган “Қуролсиз аскарлар”имиз ҳақиқий меҳнат кучи, ақлу заковати ва Ватанга бўлган муҳаббати туфайли Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага муносиб ҳисса қўшган. Бу инсонларнинг тарихи ва тақдирини ўрганиш ҳамда тарих зарварақларига битиш эса бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.
Хуршид Қурбонов,
Навоий давлат педагогика институти проректори, тарих фанлари номзоди