Қуритилган кўкнори бошоқлари ушлаб қолинди
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Сариосиё” чегара божхона постида хориж фуқароси П. Ф. кўкнори бошоғи гиёҳвандлик моддаси билан қўлга тушди.
Тунда божхона постига бамайлихотир кириб келган меҳмоннинг ҳаракатлари божхона ходимларида шубҳа уйғотди. Унинг қўл юклари рентген аппаратига қўйилиб, божхона кўригидан ўтказилганда божхоначилар бежиз шубҳаланмаганига ишонч ҳосил қилди.

П. Ф. нинг буюмлари ичида тўрт дона қуритилган кўкнори бошоғи гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Заҳри қотил махсус тарозида ўлчанганида вазни 22,64 грамм тош босди.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА