Қурилиш соҳасида тадбиркорлар муаммолари муҳокама марказида
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги вакиллари иштирокида Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузурида ташкил этилган Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш клуби доирасида қурилиш саноати соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Учрашув давомида мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ҳамда қурилиш саноатининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги ПФ–25-сон фармони асосида тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган янги имкониятлар ва имтиёзлар, техник жиҳатдан тартибга солиш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бугунги ҳолати ҳамда қурилиш саноатини янада ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар юзасидан тақдимотлар ўтказилди.
Мулоқот чоғида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш занжиридаги мавжуд муаммолар, маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш, ишлаб чиқаришни халқаро стандартларга мослаштириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда ички бозорда сифатсиз маҳсулотлар айланишининг олдини олиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдирди. Масъуллар томонидан тадбиркорлар кўтарган масалаларни тизимли ҳал этиш, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда очиқ мулоқот платформаларини янада кенгайтириш муҳим экани таъкидланди.
Таъкидланганидек, бундай мулоқотлар қурилиш саноатини барқарор ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова, ЎзА