Қурилиш соҳасида шаффофлик таъминланади (+видео)
Маълумотларга кўра юртимизда қурилиш соҳасидаги корхоналар сони бугунги кунда 53 500тага етган. Лекин уларнинг барчаси ҳам юқори даражада сифатни таъминлаб бера олади деб айтолмаймиз. Шунинг учун бугунги кунда рейтинг тизими жорий қилинган бўлиб, фуқароларимиз қурилиш ташкилоти ҳақида ахборот тизими орқали кенг маълумот олишлари мумкин бўлади. Бу тизим қандай ишлайди ва унинг афзалликлари нимада? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги қошидаги Ахборот коммуникация-технологияларини ривожлантириш Республика маркази мутахассисларига юзландик.
- Қурилиш ташкилотларининг электрон рейтинг платформаси ишга туширилган, - дейди Ахборот коммуникация-технологияларини ривожлантириш Республика маркази бош мутахассиси Аҳаджон Раҳматжонов. – Ушбу платформа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг электрон маълумотлар базаси интеграция қилиниши натижасида инсон омилисиз юритилади. Қурилиш ва пудрат ташкилотларининг рейтингги 4 турдаги соҳага бўлинган.
Президентимиз раислигида жорий йил 29 январь куни уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш, транспорт ва экология соҳаларидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда тармоқ олдига бир қатор вазифалар юклатилганди. Хусусан, танқидий рухда ўтган йиғилишда давлатимиз раҳбари бюджет маблағларини самарали ишлатиш, қурилишлар сифатини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратди. Қурилишларда талон-торожлик ва ўғрилик холатларини бартараф этиш мақсадида тузиладиган барча шартномалар рақамлаштирилиши, пудратчи ташкилот бажарган ишлар фақат солиқ органига тақдим этилган электрон ҳисоб-фактурадан келиб чиқиб молиялаштирилиши, иншоотни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилиб, далолатномалар “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида тасдиқланиши белгиланди. 10 миллиард сўмдан ортиқ лойиҳалар бўйича субпудратчиларни танлаш ҳам мазкур тизим орқали йўлга қўйиш вазифаси қўйилганди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Лойиҳа офиси тузилиб, қиймати 10 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнида уларнинг асослилигини, хавфсизлик ва энергия тежамкорлигини баҳолаб бориш вазифаси юклатилди. Ижтимоий муассасалар ва коммунал объектлар бўйича намунавий лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳам ушбу офис зиммасига юклатилди. Бундан буён, лойиҳа офисининг тавсияси бўлмаган лойиҳа ҳужжатлари давлат экспертизасига қабул қилинмайди.
Мутасаддиларга қурилиш меъёрларини хорижий тажриба асосида янгилаш, қурилиш материаллари соҳасида “яширин иқтисодиёт”га чек қўйиш, бу борада электрон классификаторни ишга тушириш бўйича аниқ механизм йўлга қўйилди.
Юртимиз бўйлаб қурилиш ва бунедкорлик ишлари авжида эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Ҳозирги ахборот коммуникация асрида, рақамлашган иловалар, замонавий гаджетлар даврида, қурилиш ва уй жой коммунал соҳасида ўзгаришлар рўй бермоқда. Бу ўзгаришлар айниқса Президентимизнинг “Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан сўнг янги босқичга чиқди.
Бугунги кунда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими негизида кўплаб платформалар ишга туширилди ва бу тизимдан ҳар бир фуқаро фойдаланиши мумкин.
Қурилиш тармоғини рақамлаштириш ишларига тизимли ёндашган марказ коммунал соҳада ҳам, кўп квартирали уй-жойларни бошқариш бўйича ҳам шаффофликни таминлашга қаратилган комплекс лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/2C6h-Rh8H84?si=dEn96EkSIG0l96o9" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев(видео), ЎзА