Қурилиш соҳасида бошқарув модели ишлаб чиқилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 декабрдаги “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида қурилиш соҳасида натижага асосланган бошқарувнинг Андижон модели муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Андижон вилоятидаги қурилиш ва уй-жой коммунал хизматлари тизимидаги ташкилотлар, қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этди.
Давра суҳбатида Андижон вилоятида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида натижага асосланган бошқарув моделини ишлаб чиқиш, жумладан, туман даражасида аҳоли ва тадбиркорларга қурилиш соҳасида хизмат кўрсатувчи “ягона дарча” лойиҳа офисларини ташкил этиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида мутахассислар, тадбиркорлар томонидан халқаро меъёр ва стандартларга асосланган замонавий қурилиш тизимини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Якунда соҳалараро интеграцияни кучайтириш, бошқарув жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш ва электрон тизимлар асосида проактив бошқарув моделини жорий этиш ишларини жадаллаштириш, шунингдек, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ ва манзилли таклифлар ишлаб чиқилиши белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.