Қурилиш назорати учун янги тизим
Бухоро вилоятида BSS (Building Supervision System) сунъий интеллектга асосланган қурилиш назорат тизими платформаси яратилади.
Ушбу лойиҳани молиялаштириш бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2022 йил 27 декабрдаги ҳайъат йиғилишида ижобий қарор қабул қилинди. Лойиҳанинг умумий қиймати 2 462,7 миллион сўм бўлиб, шундан 1 236,7 миллион сўм маблағ Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳамда 1 226 миллион сўм маблағ ташаббускор томонидан молиялаштирилади.
Лойиҳа амалга ошиши натижасида Ўзбекистонда илк бор қурилиш соҳасида VR (виртуал реаллик) ва суньий интеллект ёрдамида ишловчи платформа фаолияти йўлга кўйилади. Натижада қурилажак бинонинг виртуал экизаги яратилади. Қурилиш жараёниниг ҳар бир детали, махсус камералар ва сенсорлар билан ишловчи сунъий интеллект дастури орқали автоматик тарзда, виртуал моделга солиштирилган ҳолда инсон факторисиз назорат қилинади.
Лойиҳаларни тугатиш муддатига максимал аниқлик киритилади. Режалаштирилган архитектуравий ечим ва қуриладиган лойиҳадаги бир хиллик таъминланади.
Энг муҳими, қурилиш жараёни ва объектни топшириш назорати учун масъул бўлган ваколатли органларда суньий интеллект ҳамда автоматлаштириш орқали инсон факторини минимал даражага чеклаб коррупция ҳолатлари бартараф қилинади.
Зариф Комилов,
ЎзА