Қурилиш майдонларида сифатсиз маҳсулотлар утилизация қилинди
Хоразм вилоятининг Ҳазорасп ва Тупроққала туманларида қурилиш объектларида фойдаланилиши режалаштирилган сифатсиз темир-бетон маҳсулотлари аниқланди.
Назорат органлари томонидан ўтказилган текширувлар натижасида меъёрий талабларга жавоб бермайдиган маҳсулотлар муомаладан қайтарилиб, белгиланган тартибда утилизация қилинди.
Маълум бўлишича, темир-бетон плита ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Q M K” МЧЖ ҳамда “M.К” ХК томонидан 5 қаватли турар жой бинолари учун меъёрий ҳужжатлар талабларига номувофиқ бўлган 8 дона темир-бетон плита етказиб берилган.
Ҳолат юзасидан Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан корхоналарга номувофиқ маҳсулотларни муомаладан қайтариб олиш ва уларни утилизация қилиш бўйича тақдимнома киритилди.
Шундан сўнг тадбиркорлик субъектлари ҳамда назорат органлари вакиллари иштирокида мазкур маҳсулотлар белгиланган тартибда утилизация қилинди.
Мутасаддилар ишлаб чиқарувчи корхоналарни келгусида меъёрий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя қилишга чақириб, акс ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА