Қурилиш материаллари экспорти электротехника ва мебель саноати учун ҳам янги имкониятлар очади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш материаллари тармоғида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Қўшни давлатлар йилига 13 миллиард долларлик қурилиш материалларини импорт қилмоқда.
– Бир нарсани билинглар: ташқи бозорларда кучли рақобат, ҳар бир доллар учун кураш кетаётган ҳозирги шароитда экспортни кўпайтириш учун ноанъанавий ечимлар керак, – деди давлатимиз раҳбари.
Марказий Осиё давлатларининг ўзига экспортни қўшимча 440 миллион долларга ошириш имконияти мавжудлиги таъкидланди. Масалан, Озарбайжон, Грузия, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда уй-жой ҳамда тижорат объектлари қуриш бўйича катта дастурлар амалга ошириляпти.
Тармоқ мутасаддилари ва ҳокимлар қурилиш материаллари корхоналари ҳамда девелоперларни бир-бирига боғлаб, бизга яқин минтақалардаги бозорларга кириб борса, бу давлатларда миллий маҳсулотларимиз асосида намунали уй-жойлар ва нотурар объектларни қуриб кўрсатса, қўшилган қиймат каррасига ошиши кўрсатиб ўтилди.
Муҳими, уй-жой қуриш бўйича ушбу давлатларнинг ишончли ҳамкорига айлана олсак, электротехника, уй текстили, мебель корхоналаримизга ҳам йўл очилади, экспорт имкониятлари кўпаяди.
Шу боис, масъулларга Боку, Тбилиси, Москва, Остона ва Бишкекда 3-4 тадан намунали, энергия тежамкор уй моделини қуриб, роуд-шоу ўтказиш топширилди.
ЎзА