Қурилиш ишлари жадал бормоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳрининг Саноат маҳалласида жойлашган 11-мактабгача таълим ташкилоти инвестиция дастури доирасида тубдан янгиланмоқда.
Болажонлар учун қулай ва замонавий шарт-шароитлар яратиш мақсадида муассасанинг эски бинолари бузилиб, ўрнига 3 қаватли, 150 ўринга мўлжалланган янги бино барпо этилаётир. Лойиҳа учун 4 миллиард 872 миллион сўм маблағ ажратилган. Ҳозирда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаев мазкур таълим муассасасида бўлиб, қурилиш жараёни билан яқиндан танишди. Лойиҳа бўйича бажарилаётган ишлар, муҳандислик инфратузилмаси, бинонинг лойиҳавий ечимлари ва сифати ўрганилди.
Янги қурилаётган МТТда барча талабларга жавоб берадиган кенг ва ёруғ ўйин хоналари, замонавий ўқув кабинетлари, ҳовлида болалар учун янги ўйин ва спорт майдончалари ташкил этилади.
[gallery-22922]
Ўрганишлар давомида қурилиш ишларини белгиланган муддатда ва сифатли бажариш бўйича мутасаддилар ва қурувчиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шаҳар ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ шунингдек, Саноат маҳалласини замонавий инфратузилма билан таъминлашга қаратилган йирик лойиҳа – ҳудудга ичимлик суви тортиш ишларини бошлаш учун кўрилаётган тайёргарлик ишларини ўрганди. Маҳаллада ЕБРР дастури доирасида Д-225 мм ли узунлиги 2,2 км бўлган ичимлик суви тармоқлари тўлиқ янгиланади.
Ушбу ишлар натижасида аҳолининг ичимлик суви тармоғи тўлиқ янгиланади. Бу эса аҳолининг турмуш шароитини сезиларли даражада яхшилашга хизмат қилади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА