Қурбон ҳайити арафасида вилоятларга қўшимча авиақатновлар йўлга қўйилади
Қурбон ҳайити байрами муносабати билан аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида маҳаллий авиақатновлар сони оширилмоқда.
Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, «Uzbekistan Airways», «Silk Avia» ва «Centrum Air» авиакомпаниялари томонидан Тошкентдан Бухоро, Термиз, Урганч ва Нукус йўналишларида қўшимча рейслар ташкил этилади.
Хабарда қайд этилишича, жорий йилнинг 25-31 май кунлари давомида ушбу йўналишларда жами 28 та қўшимча авиарейс амалга оширилиши режалаштирилган.
Шу орқали байрам кунлари қўшимча равишда қарийб 9 минг нафар йўловчи ташилиши кутилмоқда.
Ҳозирги кунда ушбу йўналишларда ҳафтасига:
— Тошкент – Бухоро йўналишида — 23 та;
— Тошкент – Термиз йўналишида — 23 та;
— Тошкент – Урганч йўналишида — 35 та;
— Тошкент – Нукус йўналишида — 16 та рейс амалга оширилмоқда.
Байрам арафасида қўшимча рейслар йўлга қўйилиши йўловчилар учун чипта танқислигини юмшатиши ва сафарларни янада қулай ташкил этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА