Қулупнай нархи қачон арзон бўлади? (+видео)
Бугун кўпчилик юртдошларимизни ушбу савол қизиқтирмоқда. Шифобахш ва мазали резавор ҳисобланган қулупнайнинг бу йилги ҳосил чўғини билиш, деҳқонларимиздан мазкур ўсимликни етиштириш борасида тўплаган тажрибалари билан танишиш мақсадида Ўрта Чирчиқ туманига йўл оламиз.
Аслида апрель-май ойларида пишиб етиладиган қулупнайни халқимиз ва хориждан келаётган сайёҳлар севиб истеъмол қилади. Зироатчиларнинг айтишича жорий йилда қулупнайнинг пишиб-етилиши 20 кунга кечикди. Масалан, туманнинг “Дўстлик” маҳалласи ҳудудидаги ушбу қулупнай даласида ҳозирда 3-терим бошланди. Бир ҳафтада мазкур далада 3 марта терилади ва гектаридан ўртача 300 килограмм ҳосил олинади. Эътиборли томони ушбу далалар олдинлари пахта ва ғалла экилган, ҳосилдорлиги паст ерлар бўлган. Мазкур 3 гектарлик майдон 10 нафар бандлиги таъминланмаган ёшга аукцион асосида ижарага берилди. Уларга тажрибали деҳқонлар бириктирилганлиги туфайли биринчи йилнинг ўзидаёқ яхши натижаларга эришишди. Ўз навбатида маҳалланинг 10-15 нафар фуқароси мавсумий иш билан банд бўлди.
Ёшлар “Бир дала - бир маҳсулот” тамойилига асосида қулупнайнинг 7 хил навини экдилар. Ўз вақтида бажарилган агротехник тадбирлар туфайли экиннинг барча навидан юқори ҳосил кўтарилмоқда. Ёш деҳқонларнинг айтишича майнинг ўрталарига келиб даладаги қулупнай терими авж палласига киради ва нархлар тушиши кутилмоқда. Туманнинг “Ким Пен Хва” ҳудудидаги “Йўнғичқали” маҳалласида ҳам 10 гектар бал-банитети паст бўлган ерлар 30 нафар ёшга аукцион орқали тақсимланди. Эътиборли томони эндиликда ер олган ёшлар қаторида уларнинг оила аъзолари ҳам мавсумий иш билан банд.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 апрелдаги “Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлиги таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳозирда захирадаги ер майдонларини аукцион савдоларига қўйилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ёшларга имтиёзли шартларда ижарага берилмоқда.
- Шу йилнинг 5 март куни Президентимизнинг 115-сонли қарорлари имзоланди, - дейди Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Тошкент вилояти ҳудудий филиали раҳбари Ҳабибулло Сафоев.
- Бу ҳужжатга асосан 54та ҳудудда аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил қилинади. Ундан ташқари мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда музлатгичлар қурилади. Президентимизнинг 5 апрелдаги 153-сонли қарорига асосан ишсиз, чет элдан қайтиб келган ёшларга ер майдонлари ажратиб берилмоқда. Бу ер майдонларини ишга тушириш ва маҳсулот олиш учун жамғарма томонидан 33 миллион сўмгача маблағлар берилади. Бу маблағлар асосан иссиқхоналар ташкил этишга, лимончилик, узумчилик, кўчат ва уруғларга йўналтирилади.
<iframe width="990" height="557" src="https://www.youtube.com/embed/21G8r_MQstw" title="Qulupnay narhi qachon arzon boʻladi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аукцион ғолиблари ер участкаси нархини 10 йил муддатга фоизсиз тўлашга рухсат берилди. Мини-техника, уруғ-кўчат харидига “Ёшлар дафтари” жамғармасидан 5 миллион сўмгача субсидия берилади. Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 33 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳам кўзда тутилган.
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА