Қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда
Мамлакатимизда яшаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Энг асосийси, юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг тенглиги, ўзаро дўстлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган.
Андижон вилоятида ҳам турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқликда яшаб келмоқда. Ўзбекистон фуқароси сифатида улар амалдаги барча ҳуқуқ ва эркинликлардан тўлақонли фойдаланаётир. Айниқса, уларнинг ўз она тилларини ўрганишлари, миллий анъана ва урф-одатларини ривожлантиришлари учун барча шароитлар яратилган. Буни вилоятда фаолият юритаётган қирғиз, рус, уйғур, корейс ҳамда арман миллий-маданий марказлари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
– Андижон вилоятида 150 минг нафардан зиёд қирғиз миллати вакиллари яшайди, – дейди Ўзбекистон – қирғиз миллий маданий маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Обиджон Носиров. – Миллатдошларимиз Жалақудуқ, Хўжаобод, Марҳамат, Қўрғонтепа туманлари ҳамда Хонобод шаҳрида нисбатан уюшган ҳолда истиқомат қилади. Жойларда халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларини давом эттириш учун барча шароит ва имкониятлар яратилган. Марказимиз томонидан Ўзбекистонда яшаётган турли халқ, миллат ва элатларнинг ўзаро дўстлиги ва тотувлигини мустаҳкамлаш, юртни обод қилиш, тинчлигини асрашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, Миллий марказ вилоят бўлими ташаббуси билан вилоятнинг Андижон, Хонобод шаҳарлари, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод, Марҳамат туманларида “Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Қудратимиз бирлик ва ҳамжиҳатликда”, “Ўзбекистон – ягона ватаним”, “Туғилган ер – Ватандир”, “Она ягона, Ватан биттадир”, “Аҳил ва иноқлигимиз – дўстлигимиз пойдевори”, “Шу азиз юрт – барчамизники!” каби мавзуларда дўстлик фестиваллари, маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув ва мулоқотлар ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, жойларда қирғиз миллий байрамларига бағишланган тадбирлар ҳам доимий ўтказилади.
–Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ҳамкорлик, қўшничилик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги, қўшни халқ – миллатдошларимиз билан алоқаларимиз кўлами кенгайиб бораётгани бизни беҳад қувонтиради, – дейди Хўжаобод тумани ҳокимлиги “Ҳақиқат” газетаси муҳаррири, “Дўстлик” ордени соҳиби Толибжон Шерматов. – Шу кунларда мамлакатимизда бўлиб ўтаётган Қирғизистон маданияти кунлари, икки давлат раҳбарларининг учрашув ва мулоқотлари ишонаманки, икки халқ ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада юқори босқичга кўтаради.
Бундан ташқари, марказнинг вилоят бўлими томонидан ўзаро маданий, маърифий соҳаларда алоқаларни янада
мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистоннинг таниқли санъаткорлари иштирокида Бишкек, Ўш, Ўзган шаҳарларида яшовчи аҳоли билан учрашувлар, концерт дастурлари ташкил этилди.
– Вилоятда яшаётган қирғиз халқи вакилларининг ўз тили, миллий анъана ва урф-одатларини ривожлантириш, келгуси авлодга етказишлари учун барча шароитлар яратиб берилган, – дейди Андижон давлат педагогика институти рус, қирғиз тили ва адабиёти кафедраси мудири Маҳбубахон Темирова. – Айни кунда вилоятдаги битта давлат ихтисослашган умумтаълим мактабида таълим тўла қирғиз тилида олиб борилади. Бундан ташқари, 20 та мактабда қирғиз тилида ўқийдиган синфлар бор. Андижон давлат педагогика институти филология факультетининг қирғиз тили ва адабиёти йўналишида 42 нафар қирғиз ёшлари таҳсил олмоқда.
Андижон вилоятида қирғиз ва қирғиз-ўзбек тилида ўқитишга ихтисослашган мактаблар ўқувчилари қирғиз тилидаги дарсликлар билан тўлиқ таъминланган. Шу билан бирга мактаб кутубхоналарини қирғиз тилидаги адабиётлар билан бойитиш мақсадида давлат ҳисобидан ўзбек адабиётининг таниқли намояндалари Ғофур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қодирий, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Юсуф каби ёзувчи ва шоирларнинг асарлари қирғиз тилига таржима қилиниб, ўқувчи ёшларга етказилган.
– Туманда қирғиз тилида ўқитиладиган синфлари бўлган 29- ва 43- умумтаълим мактаблари капитал таъмирланди, – дейди Жалақудуқ туманидаги 43- умумтаълим мактаби директори, Халқ таълими аълочиси Одинахон Бўтаева. – Қирғиз тили ўқитиладиган синфлар барча фанлар бўйича қирғиз тилидаги дарсликлар билан тўла таъминланган. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича қирғиз тилида дарс ўтадиган ўқитувчиларимизга зарур услубий ёрдам кўрсатилмоқда.
Қирғиз миллий маданий маркази вилоят бўлими билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларида қирғиз ёзувчи ва шоирлари, хусусан, буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиб этишга қаратилган адабий тадбирлар ўтказиб келинади.
Вилоятда яшаётган барча миллат вакиллари қатори қирғиз халқи вакиллари ҳам юртимиз ривожи, тараққиёти йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Айниқса, “Дўстлик” ордени соҳибаси, Жалақудуқ туманидаги 27- умумтаълим мактаби директори Умидхон Маматалиева, меҳнат фахрийлари Эргашвой Жониқулов, Сафарали Абдураҳимов, қўрғонтепалик Келсиной Сўпибекова, Хонобод шаҳрида яшовчи Анорхон Норматова, хўжаободлик Давлатхон Маматбекова, марҳаматлик Камолиддин Ёрматов, Турдибой Усмонов сингари инсонларнинг меҳнатлари алоҳида эътирофга муносиб.
[gallery-18332]
Қирғиз миллати вакиллари энг кўп истиқомат қиладиган Жалақудуқ тумани “Жалақудуқ ҳаёти” газетаси саҳифаларида бир ойда бир марта қирғиз тилида “Дўстлик” саҳифаси чоп этилаётганлиги ҳам ўзбек-қирғиз дўстлигини янада мустаҳкамлашга, қирғиз тили ривожини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, турли миллат, элат вакиллари эмин-эркин яшаб келаётган Ўзбекистонимизда миллатлараро дўстлик асло завол топмайди. Чунки, улар она Ватанимиз тинчлиги, равнақи йўлида бир жон, бир тан бўлиб яшамоқда. Ўзбек ва қирғиз халқлари дўстлиги бардавом бўлаверсин.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА