ҚҚСни автоматик қайтариш: кимлар 1 кунда пулни олади, кимларга чеклов қўйилади?
Молиявий саводхонлик
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари учун қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) қайтариш жараёни соддалаштирилди. Янги тартиб солиқ маъмуриятчилигида муҳим енгилликлардан бири бўлиб, айрим тоифадаги тадбиркорлик субъектларига ҚҚСни текширувларсиз ва қисқа муддатларда қайтариш имконини беради. Бироқ мазкур механизм барча тадбиркорлик субъектларига бирдек татбиқ этилмайди.
2026 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС суммасини текширувларсиз автоматик тарзда қайтариш тартиби айрим тадбиркорлик субъектларига нисбатан қўлланилмайди. Хусусан, таъсисчиси ёки раҳбари солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятни содир этган тадбиркорлик субъектлари мазкур тартибдан фойдалана олмайди. Шунингдек, бундай тадбиркорлик субъектларининг таъсисчиси ёки раҳбари томонидан охирги 12 ой давомида янгидан ташкил этилган ёки қайта ташкил этилган корхоналарга ҳам ҚҚСни автоматик қайтариш тартиби татбиқ этилмайди.
Демак, солиқ мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд бўлган субъектлар учун ҚҚСни автоматик равишда қайтариш механизми чекланади. Агар автоматик қайтариш ҳуқуқига эга бўлган тадбиркорлик субъектида юқоридаги ҳолатлар аниқланса, ҚҚС маблағларини автоматик тизим орқали қайтаришга чеклов ўрнатилади.
Амалдаги тартиб тадбиркорлик субъектларининг айрим тоифалари учун ҚҚСни қисқа муддатларда ва текширувларсиз қайтариш имконини беради. Жумладан, ААА барқарорлик рейтингига эга тадбиркорлик субъектларига ҚҚС суммаси текширувларсиз бир кунда қайтарилади.
Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига (пахта ва ғалладан ташқари) ҚҚС суммаси уч кун ичида автоматик тарзда қайтарилади. «А» ва ундан юқори барқарорлик рейтингига эга кластерлар ва тўқимачилик корхоналарига 2027 йил 1 июлга қадар ҚҚС суммасини текширувларсиз икки кун ичида қайтариш тартиби амал қилади. Бундан ташқари, 10 миллион сўмгача бўлган ҚҚС суммалари ҳам текширувларсиз қайтарилади.
ҚҚСни автоматлаштирилган тартибда қайтариш, аввало, тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағларини тезроқ тиклаш имконини беради. Бу корхоналарнинг молиявий барқарорлигини сақлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини узлуксиз давом эттириш ва янги лойиҳаларни молиялаштириш учун қўшимча имконият яратади. Айниқса, юқори барқарорлик рейтингига эга корхоналар учун ҚҚСнинг текширувларсиз ва қисқа муддатларда қайтарилиши солиқ интизоми ҳамда ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантирувчи муҳим механизм ҳисобланади. Шу билан бирга, автоматик қайтариш ҳуқуқига чекловлар ўрнатилиши солиқ тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Бу орқали давлат томонидан тақдим этилаётган енгилликларнинг қонун талабларига риоя қилаётган тадбиркорларга манзилли қўлланилиши таъминланади.
Шундай қилиб, ҚҚСни автоматик қайтариш механизми бир томондан тадбиркорлар учун солиқ маъмуриятчилигини енгиллаштирса, иккинчи томондан солиқ интизомини кучайтиришга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА