Қозоқбой Йўлдошев: Алифбо ислоҳоти шунчаки шакл ўзгариши эмас, миллий ўзлик ва тил жозибасини сақлаб қолиш масаласидир
Глобаллашув жараёни дунё халқларини бир-бирига яқинлаштириб, ахборот ва ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Бундай шиддатли бир пайтда ҳар бир миллат олдида ўзлигини, миллий хусусиятлари ва она тилини асраб-авайлаш зарурати пайдо бўлмоқда. Айниқса, туркий халқларнинг ўзаро муштараклашуви ва умумий маданий-лингвистик асосларга таяниши азалий миллий қиёфани сақлаб қолишнинг энг мақбул йўли сифатида кун тартибига чиқмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда алифбо ислоҳоти ва тил сиёсати бўйича муҳим ҳуқуқий қадамлар қўйилди. Олий Мажлис Сенати томонидан мазкур йўналишдаги тегишли қонун маъқуллангани жамиятда, хусусан, илмий ва фаол қатлам ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбек тилининг софлиги, лотин ёзувига асосланган алифбо ислоҳотининг аҳамияти ва умумий туркий ёзув интеграцияси борасидаги долзарб масалалар юзасидан филология фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
– Қозоқбой ака, бугун дунё бўйлаб глобаллашув жадал кечмоқда. Бу жараённинг миллатлар тилига таъсири ва миллий қиёфани сақлаб қолиш зарурати ҳақида тўхталсангиз.
– Глобаллашув суръати бундан буён янада тезлашади. Шундай шароитда туркий халқлар, хусусан, ўзбеклар олдида ўзлигини асраш вазифаси туради. Бунинг энг самарали йўли — майдалашиб, четга тортилиш эмас, балки қардош халқлар билан жипслашиш, умумий ва муҳим жиҳатларимизни муштараклаштиришдир.
Дунёда 300 миллиондан ортиқ туркий халқлар истиқомат қилади. Озарбайжон мутафаккири Али бей Ҳусайнзода “Турклашмоқ, умматлашмоқ, замонавийлашмоқ” шиорини илгари сурган эди. Узоқ йиллар мустамлака исканжасида яшаган ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва озарбайжон каби миллатлар учун бу ғоя бугун ҳам амалий ёндашув сифатида муҳим аҳамиятга эга. Мустақиллик туфайли ўзлигимизни англаш имкониятига эга бўлдик. Энди бу жараён шунчаки оғзаки баёнотлар ёки тор давралардаги учрашувлар эмас, балки амалий ҳаракатларга айланиши зарур.
– Назариядан амалиётга ўтишда илмий ва тарихий тажрибага қандай таяниш лозим?
– Жадид боболаримиз бу борада муҳим ташаббусларни амалга оширган. 1926 йилда ўзбек ойдинлари — қадимчалар, жадидлар ва шўролар иштирокида 34 ҳарфдан иборат умумий алифбо яратилган эди. Мазкур ёзув сиқиб чиқарилгунга қадар сиёсий тўсиқларсиз барча туркий этносларнинг бир-бирини ўқиши ва тушунишини таъминлаган.
Истиқлол йилларида Туркманистон ва Озарбайжон бу борада илдам одимлади. Озарбайжон Усмонли турклар алифбосида бўлмаган айрим ҳарфларни қўшиб, умумий туркий алифбо тамойилларига тўлиқ амал қилиб келмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон, Қозоғистон ва тез орада Қирғизистон ҳам айнан шу ғоя атрофида ислоҳотларни олиб бормоқда. Умумий туркий алифбонинг асосий афзаллиги — “бир товушга бир ҳарф” тамойилидир. Бу лойиҳада туркий тилларга хос бўлган товушлар тўлиқ акс этган. Шу билан бирга, рус тилидан кириб келган юмшатиш ва айириш белгилари каби тилимиз табиатига ёт бўлган элементлардан воз кечиш имконини беради.
– Мавжуд ислоҳотларда яна қайси жиҳатларга ва муайян мисолларга эътибор қаратиш зарур деб ҳисоблайсиз?
– Барча туркий тилларда унлилар уйғунлиги асосий ўринда туради. Биздан бошқа деярли барча қардош халқларда 8 ёки 9 та унли товуш мавжуд ва бу алифбода ўз аксини топган. Масалан, қорақалпоқ халқи 1926 йилги қоидага амал қилиб, ўз ёзувида 9 та унлини бугунги кунгача сақлаб келмоқда.
Афсуски, бизда қарийб ўттиз йилдан бери муаммо бўлиб келаётган «ш», «ч», «ғ», «ў» ҳарфларини ифодалаш масаласида ҳам, талаффузимиздаги ўзига хос товушларни мустақил ҳарф сифатида акс эттиришда ҳам аниқ ечимга келинмади. Масалан, биз «тор» ва «тўр» сўзларини фарқлаймиз — булар икки алоҳида товуш ва алифбода бунга тайёр ҳарф бор. Ёки «ип», «илон» деганда бир хил, лекин «қиз» сўзида ўртадаги унли бошқача талаффуз қилинади. Демак, ўша қаттиқ «i» (ı) ҳарфини ҳам қабул қилиш керак. Шунингдек, «китоб» («Мен уйда китоб ўқидим») сўзидаги ўзбекча «и» товуши учун ҳам алоҳида ҳарф мавжуд.
Қолаверса, алифбога мутлақо кераксиз қоидаларни кўчириб юрибмиз. Халқимиз «масъул муҳаррир» ёки «аъло баҳо» деб тутуқ белгиси билан гапирмайди, балки «масул», «ало баҳо» дейди. Аслида «аъло» ўрнига ўзбекча муқобил сўз топиш, «Аъзам» ўрнига «Азам», «журъат» ўрнига «журат» дейиш мақсадга мувофиқ. Тутуқ белгиси ва сунъий қоидалар фарзандларимизнинг савод чиқаришини мураккаблаштириб, хатолар кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, янги таклиф этилган лойиҳада «нг» (ŋ) товушининг тушириб қолдирилгани тилимизнинг артикуляцион жозибаси ва жарангдорлигига салбий таъсир кўрсатади. Бу товуш сўз бошида келмаса-да, «сингил», «тонг», «кўнгил» каби сўзларда жуда муҳим. Уни оддий «н» ва «г» билан ёзишга мажбур бўлишимиз нотўғри қарордир.
Тил — миллатнинг бебаҳо маънавий бойлиги ва мустақиллигининг бош белгисидир. Алифбо ислоҳоти эса шунчаки шакл ўзгариши эмас, балки тилнинг табиий жозибасини, оҳангини қайтариш ва келгуси авлодга бекаму кўст етказиш демакдир.
Бўлиб ўтаётган ислоҳотларда мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, тилимизнинг бор салоҳияти ва бойлигидан тўлиқ фойдаланиш келгусида ёзув тизимини қайта-қайта ислоҳ қилиш заруратини олдини олади. Тилни товушга мослаб ёзиш ва алифбони табиий талаффузга уйғунлаштириш орқали миллий ўзликни янада мустаҳкамлашга эришилади.
ЎзА мухбири
Абдуғафур Маматов суҳбатлашди.