Мухтор Авезов номидаги Қозоқ миллий драма театри жамоасининг Оролбўйига гастрол сафари давом этмоқда.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри фойесида ташкил этилган “Қорақалпоғистон ва Қозоғистон театр санъатининг дўстлиги” мавзусидаги кўргазма билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг театр жамоасининг ижодий ташрифи ҳамда келгусидаги ҳамкорлик режаларига бағишланган оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Қозоқ миллий драма театри директори Жуасбек Еркин Тилеуқул ўғли, мазкур театр режиссёри Елик Нурсултон сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари ўртасидаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий алоқалар мустаҳкамланиб, халқларимизнинг кўп асрлик дўстлик ва қардошлик ришталари янги босқичга кўтарилганлигини қайд этди. Айниқса, маданият ва санъат соҳасида ўзаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри жорий йилнинг апрель ойида Қозоғистон Республикасида гастрол сафарида бўлди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари театр жамоаси ва мутасаддилардан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Ижодий сафар давомида театр жамоаси Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри ҳамда Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида Габит Мусреповнинг “Қиз-Жибек” мусиқий драмаси, Aлександр Володиннинг “Севиклиларингиздан ажралманг” драмаси, Саўле Досжанованинг “Севги номи билан” драмасини томошабинларга тақдим этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.