Қозоқ адабиёти кенгашининг навбатдаги йиғилиши
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Қозоқ адабиёти кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда уюшма раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Таржима кенгаши раиси Зуҳриддин Исомиддинов, қозоқ адабиёти кенгаши раиси Турсунали Аҳмедов, кенгаш фаоллари, таржимонлар иштирок этди.
Йиғилишда “Туркий адабиёт хазинасидан” 100 жилдлик асарлар мажмуасининг қозоқ адабиёти бўлимига тегишли нашр ишлари муҳокама этилди. Кенгаш фаоллари Қалдибек Сейданов, Музаффар Аҳмад, Абдулла Рустамов, Лола Жунусова нашр ишларини жадаллаштириш йўлида ҳал этилиши керак бўлган масалаларга тўхталиб ўтди.

Мажмуага қозоқ мумтоз адабиёти намояндалари билан бирга Мағжон Жумабой, Шокарим Худойберди ўғли, Аҳмад Бойтурсунов, Ўлжас Сулаймонов, Абдужамил Нурпеисов, Мухтор Шохонов, Муқағали Муқатаев каби замонавий қозоқ адабиётининг йирик вакиллари асарларининг янги таржималари ҳам кирган.
Мажмуадаги замонавий қозоқ шеърияти ва замонавий қозоқ насри антологияларини жамлаш, таржима қилиш ва тартиб бериш ишлари катта эътибор талаб қилаётгани хусусида тўхталиб ўтилди.

Шу билан бирга, таржима қилиниши тақозо этилаётган асарлар кўп экани, таржима жараёнида қозоғистонлик ўзбек ижодкорлари ҳам иштирок этаётгани қайд этилди.
Китобларнинг электрон вариантларини нашрга бенуқсон тайёрлаб бериш борасидаги ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Н.Усмонова, ЎзА