Қозоғистонда “Тошкентга саёҳат” фильми суратга олинмоқда
Замонавий туризмда мамлакатни тарғиб қилишнинг энг самарали воситаларидан бири кино ва медиа лойиҳалардир.
Томошабин саёҳат қилишдан аввал манзилни экран орқали кашф этади. Шу боис Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини халқаро аудиторияга етказишда фильмлар муҳим ўрин тутади. Ана шундай лойиҳалардан бири — Қозоғистонда суратга олинаётган “Тошкентга саёҳат” фильми ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг туризм соҳасини ривожлантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш ҳамда миллий туризм салоҳиятини замонавий медиа маҳсулотлари орқали кенг тарғиб этишга қаратилган қарори ижроси доирасида “Контент маркази” ва Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳамкорлигида мазкур фильмни тасвирга олиш ишлари бошланди.
Лойиҳа Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ҳамда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, икки мамлакат аҳолисини бир-бирининг бой тарихий ва маданий мероси билан яқиндан таништиришни мақсад қилади.
Фильмда Тошкентнинг қадимий ва замонавий қиёфаси, машҳур тарихий обидалари, маданий масканлари, миллий таомлари, меҳмондўстлик анъаналари ҳамда шаҳарда яратилган замонавий туризм инфратузилмаси ёрқин лавҳалар орқали намоён этилади.
Лойиҳанинг яна бир муҳим вазифаси — Қозоғистон аудиториясида Ўзбекистонга саёҳат қилишга бўлган қизиқишни ошириш, янги туристик йўналишларни оммалаштириш ва икки давлат ўртасидаги сайёҳлар алмашинувини кенгайтиришдан иборат.
Мутахассисларнинг фикрича, бундай экран асарлари анъанавий рекламадан кўра кучлироқ таъсирга эга. Чунки фильм орқали томошабин нафақат манзилни кўради, балки унинг муҳити, маданияти ва ҳаёт тарзини ҳам ҳис қилади. Бу эса Ўзбекистоннинг жозибадор туристик мамлакат сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА