Қозоғистон делегацияси билан аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вице-вазири Бауржан Омарбеков бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида меҳмонларга аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Хусусан, маҳалла даражасида аҳоли муаммоларини ҳал этиш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, имтиёзли молиялаштириш механизмларидан фойдаланиш ҳамда маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги ролини кучайтириш бўйича тажриба алмашилди.

Қозоғистон делегацияси вакилларига Тошкентда маҳалла тизими орқали аҳоли билан манзилли ишлаш, янги иш ўринларини яратиш, оилаларнинг даромад манбаларини кенгайтириш ва кичик бизнесни ривожлантириш борасидаги ёндашувлар ҳақида маълумот берилди.

Мулоқот якунида томонлар аҳоли фаровонлигини ошириш, бандлик ва тадбиркорликни ривожлантириш йўналишларида тажриба алмашишни давом эттиришга қизиқиш билдирди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА