Қотилликка сабаб лоқайдликми?
Ака-укалик жондан азизлик эмасмиди?
Бир оилада камол топаётган ака-ука, опа-сингилларнинг бахти ҳам бир, қайғуси ҳам. Бирининг товонига тикан кирса, бошқаси уни киприги билан олгудек бўлади.
Тарих гувоҳ-ки, жигар йўқотишни кўтаролмай бир ойда унинг ортидан рихлат қилган, ёинки, жигарини кўрмагунича жон таслим қила олмаганлар доим учраган.
Лекин… Ҳобил ва Қобил фожиаси ҳам одамзот учун меросдек, аҳён-аҳён янгиланиб, қалбингни вайрон қилади.
Ҳаловати ҳувиллаган ҳовли
Уч нафар ўғил ўстириб уқубатда қолган Ойлар аянинг ҳаётдан умиди сўнган. Тунида уйқу, кунида ҳаловат йўқ. Девдай-девдай ўғил боқибману ўзимни танитишни ёдимдан кўтарибман, деган унсиз кечинмалардан кўз ёши қуримайди. Ота ўрнини босолмадим, ёлғизлик қилдим, деган ўксиниш юрагини кемиради.
Икки ўғилнинг бири уч марта, иккинчиси икки марта уйланди. Учинчисига ҳеч ким юрак ютиб қиз бермайди. Боиси бу ҳовлидаги жанжал, маънисиз тўполонларнинг шовқини маҳаллани тутади. Одамларнинг онага раҳмлари келади. Неча бор суҳбатлар қилишган, муҳокамаларга қўйишган. Ўғилларни инсофга келтириш йўлида пўписа қилиб қўрқитишган ҳам.
Онасининг айтишича, тўнғич ўғил Асрор Исматовнинг руҳий ҳолати яхши эмас. Аммо мардикорликка чиқиб, пул топиб келади, бировга ёмонлиги йўқ. Фақат укаси Баҳром билан асло келиша олмайди.
Баҳром – ўртанча ўғил, ишламайди. Кўзи хира бўлиб қолган, иккинчи гуруҳ ногирони. Шундай бўлишига қарамай ичкиликка шу қадар ружу қўйганки, унинг дастидан уйда сотишга арзигулик нарса қолмаган. Унинг “пул топиб бер”, деб қиладиган жанжалларидан ҳамма безиган, ундан калтак емаган, таҳқирланмаган одам қолмаган.
Маломатдан бошланган мудҳиш тун
Укасининг онасини калтаклашига чидай олмаган Асрор у билан ёқа йиртишди. Маҳалла кишилари, инспектор келиб Баҳромни олиб кетишди.
Асрор ҳам жисми, ҳам руҳи чирқиллаётган онасини ичкари оладию, хонасига кириб кетади. Ўша куни бу ҳовлида ҳеч ким туз тотмади. Ярим тунда қаттиқ ўкирган овоздан Асрор уйғониб кетди.
– Сени ўлдираман! Шу оловда ёқиб ўзим исиниб ўтираман! Чиқ, қанисан Асрор?!
Баҳром ҳовлида ўт ёқиб қичқирарди. Асрор чиқса вазият мураккаблашишини ўйлаб, даразани ёпиб қўйди. Онасига ҳам “уйга киринг она, ўзи тинчийди”, деди.
Бир пайт Баҳром бир қўлида ароқ билан акасининг ёнига кирди.
– Мен билан ичасан, бўлмаса хозир сени ўлдириб, ёқиб юбораман!
Укасининг тинчланиши учунми ёки ўзини бироз қўлга оламан, деб ўйладими, Асрор бир пиёла ароқ ичди ва укаси бироз тинчлангач бошқа хонага чиқиб кетди.
Аламзадаликдан туғилган ёвузлик
Ҳовлидаги ҳовири босилган аланга учқунларига тикилиб тураркан, Асрорнинг дилида пайдо бўлган “қачонгача?”, деган савол алланечук ғараз қасосни уйғотиб юборди. Аламзадаликдан туғилган ёвузлик ва разил ҳаёллар унинг борлиғини эгаллаб олди. Гирдоб шу қадар кучли эди-ки, у беихтиёр ташқарига чиқди ва ҳовлида ётган ломни кўтарганча укаси ухлаётган хона томон юрди.
Оғиргина темир ломни у бор ғазаби билан ухлаб ётган укасининг бошига солди. Иккинчи бор урганида эса... Ёвуз қотиллик содир бўлди.
А.Исматов мурдани тортқилаб, “Сен мени ёқмоқчимидинг?!”, деб такрорлаганча уни ҳовлига олиб чиқди. Сўнаётган чўғ устига мурдани ташлаб, устига шох-шабба ташлаб, бензин сепди…
Бу зулм, ваҳшийликни бир инсон ўз жигарига нисбатан раво кўрди. Нега?! Нима учун бу қадар аламзадалик пайдо бўлишига йўл қўйдик? Наҳот фожианинг олдини олишнинг имкони йўқ эди? Саволлар кўп…
Хулоса ўрнида
Бир оиланинг етти авлодига етгулик тавқи-лаънат ёмғирдек ёғилди. Битта умр бевақт хазон бўлди, бирининг ўн етти йили эрксизликка маҳкум бўлди.
Бундай фожиали ҳолатни ҳикоя қилишдан мақсад – хулоса чиқаришга ундаш, албатта. Аввало, оила, фарзандларимиз учун муҳит, тарбияни яхши қилайлик. Ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлашни унутмайлик.
Қолаверса, замондошларимиз тақдири, маҳалламиз аҳлининг ҳаёт тарзига асло беэътибор бўлмайликки, лоқайдлик энг хавфли душмандир.
Акром АРИПОВ,
Олий суд бош консультанти