
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг иқтисод қилинган маблағлари ҳисобидан Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида жойлашган мактаб ўқувчилари учун 17 та “Мактаб автобуси” харид қилинди.
Самарқанд автомобил заводида ишлаб чиқарилган мазкур автобуслар Қўшработ туманидаги 20 та олис мактабда таҳсил олаётган 750 нафардан зиёд ўқувчига таълим муассасасига осон ва хавфсиз етиб бориш имконини беради.

– Бугунги кунда вилоятимизда ўқувчилари узоқ масофадан қатнайдиган 62 та мактаб бор, – дейди Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси шуъба бошлиғи Розиқ Файзиев. – Жумладан, Қўшработда шундай мактабларимиз 26 тани ташкил этади. Асосан, тоғли ҳудудларда жойлашган бу таълим муассасаларининг 20 тасига автоуловда бориш имконияти мавжудлиги учун шу мактабларга “Мактаб автобуси” ажратиш таклифини берган эдик. Тоз, Ўртасой, Жомбулоқ, Оқчобсой, Минишкор каби ўнга яқин маҳалланинг болалари янги ўқув йилидан мактабларга ана шу автобусларда қатнайди. Келгусида Нуробод ва бошқа туманлардаги олис мактабларга ҳам автобус ажратиш юзасидан лойиҳалар тайёрланган.
“Мактаб автобуси” ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун йўл белгилари, кузатув камералари, тиббиёт қутиси билан жиҳозланган.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири