
Ижтимоий тармоқларда мактабларда “пуллик синф” ларнинг ташкил этилиши тўғрисидаги хабарлар тарқалди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида қатъий белгилаб қўйилганидек, "давлат бепул умумий ўрта таълим олишни кафолатлайди." Мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларидаги барча дарслар тасдиқланган ўқув режага мувофиқ бепул амалга оширилади.
Мактабларда ташкил этиладиган қўшимча таълим хизматлари мактабларнинг ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) машғулотлар бўйича мактаб директори ва ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида ихтиёрийлик асосида тузиладиган шартнома асосида кўрсатилади. Ушбу мезон Ҳукуматнинг 2019 йил 22 апрелдаги тегишли қарори билан тасдиқланган тегишли Низомда алоҳида қайд этилган.
Пуллик таълим хизматларидан топилган бюджетдан ташқари маблағларнинг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдори ўқитувчиларга ҳақ тўлашга, қолган қисми мактабнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ва ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилиши мумкин.
Энг муҳими, мактабларда ташкил этиладиган пуллик таълим хизматларига директор ва педагоглар томонидан ўқувчиларни мажбурий тартибда жалб этилишига йўл қўйилмайди.
2025-2026-ўқув йилида 738 минг нафар бола 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган ва уларнинг барчаси ўқув режадаги фанлардан бепул ўқитилиши кафолатланади.
Қўшимча таълим хизматлари, энг аввало ота-оналарнинг ташаббуси, яъни улар ўртасида ўтказилган сўровнома асосида ўқув йили бошланганидан сўнг ихтиёрийлик асосида ташкил этилиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА