Қўрғонтепа туманида германиялик мутахассис иш бошлади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 28 январь куни мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, мактаб таълимини сифат ва самарадорлик жиҳатдан янада юқори босқичга кўтариш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, Давлатимиз раҳбари мактаблардаги муҳитни яхшилаш мақсадида бошқарувни ислоҳ қилиш, халқ таълими бўлими мудирлигига ва мактаб директорлигига малакали менежерларни тайинлаш, хориждан малакали мутахассислар жалб этиш бўйича қатор тавсиялар берди.
Ана шу вазифа ва тавсиялардан келиб чиқиб, Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани ҳокими Элёрбек Набижонов ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида туманга Германия давлатидан 5 нафар немис тили бўйича мутахассис таклиф этилиши режалаштирилган. Айни кунда Германиянинг Мюнхен шаҳридаги мактабда немис тили ўқитувчиси бўлиб фаолият юритган Йорг Астер Қўрғонтепа туманида иш бошлади.
Тумандаги 11 та умумтаълим мактабида ишлаётган 50 нафар ўқитувчилар хорижлик мутахассис бошчилигида малака оширишга жалб этилади. Германиялик мутахассис ўқитувчилар билан машғулотлар (ёзиш, ўқиш, тинглаб тушуниш ва гапириш компетенцияларини ривожлантириш) ўтказади, шунингдек, мактабларда немис тилини ўқитиш жараёнлари билан яқиндан танишади, ўқитиш сифати ва самарадорлигини оширишга ёрдам беради.
– Ўзбекистонга келиш ва ишлаш имконига эга бўлганимда мамнунман, – дейди германиялик Йорг Астер. – Андижонлик мутахассисларга қўлимдан келганича немис тилини ўқитиш бўйича билим, малака ва тажрибасини оширишга ёрдам бераман.
[gallery-5926]
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов(сурат), ЎзА