“Қорасув" чегара-божхона пости очилди
Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ташаббуси билан икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ҳамда қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, ҳамкорлик, савдо-сотиқ кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, икки халқ ўртасидаги қўшничилик муносабатларини яхшилаш, ўзаро борди-келдини осонлаштириш мақсадида қатор чегара божхона постлар, ўтказиш пунктлари ишга туширилди.
Андижон вилояти Қўрғонтепа туманини Қирғиз Республикасининг Ўш области билан боғлаб турувчи “Қорасув” чегара-божхона постининг очилиши ҳам ана шу йўналишдаги хайрли ишлардан бири бўлди.
Ушбу чегара-божхона пости 2010 йилда ёпиб қўйилган эди. Натижада асрлар давомида борди-келди қилиб келаётган, бир-бирлари билан қуда-андага айланган минглаб кишилар, ҳар икки томондаги қариндош-уруғлар, қўйингки, икки халқ ўртасидаги алоқалар чеклаб қўйилганди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати вакиллари, қўшни Андижон ва Ўш вилоятлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик иштирокида “Қорасув” чегара-божхона постининг очилишига бағишланган тадбирлар икки халқ вакиллари учун ҳақиқий байрамга айланди.
Замонавий, барча қулайликларга эга чегара-божхона постида икки мамлакат фуқароларининг кириши ва чиқиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Пост замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланганлиги боис, ўтувчилар нафақат фуқаролик паспортлари, балки ID-карта билан ҳам бемалол ўтишлари мумкин.
[gallery-19239]
Қарийб уч гектар майдондан иборат бўлган чегара-божхона постидан бир суткада 6-7 минг нафар фуқаро ўтиши мумкин. Постдан ўтишда йўловчилар асосан ёпиқ иншоотлар бўйлаб ҳаракатланади. Бундан ташқари, пост орқали енгил транспорт воситаларининг ўтиши учун ҳам имкониятлар яратилган.
Шунингдек, ўтказиш пунктида божхона ва чегара текширувидан ташқари ветеринария, карантин кўриги хизматлари ҳам йўлга қўйилган.
Қўшничилик муносабатлари, дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, қўшни давлатга бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилаётганлиги асрлар давомида қўшни яшаётган, тили, дини, турмуш тарзи бир икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирмоқда.
– Ушбу чегара-божхона постининг очилганлигидан жуда хурсанд бўлдик, – дейди Қорасув шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Сирожиддин Ҳасанов. – Чунки Қирғизистонда қариндош-уруғ, қадрдонларимиз бор. Шу пайтгача улар билан Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” чегара пости орқали борди-келди қилаётган эдик. Масофанинг бир мунча олислиги, ўтишдаги навбатлар қийинчилик туғдираётганди. Мана “Қорасув” чегара-божхона пости очилди. Насиб этса, энди ундай қийинчиликлар бўлмайди. Икки қўшни халқни янада яқинлаштиришга ёрдам берадиган бу каби хайрли ишларга бош-қош бўлаётган Президентимизга раҳмат.
Мазкур постнинг очилиши икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, савдо-сотиқни ривожлантириш, шунингдек, маданий ва ижтимоий ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Чегара-божхона пости очилишига бағишлаган тантанали тадбирлар чегаранинг ҳар икки томонида байрамона, юқори кўтаринкилик билан ўтди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари