Қорақалпоқ адабиёти ва маданиятига юксак эҳтиром
Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори маданият ва санъат тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони соҳага қаратилаётган алоҳида эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Мукофотланганлар орасида бир гуруҳ қорақалпоғистонлик маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимлари ҳам бор.
– Бу мукофотни нафақат менга,балки бутун қорақалпоқ адабиётига юксак эътироф деб биламан, – дейди.
Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Бекназар Ерназаров.
– Давлатимиз раҳбари ҳамиша қорақалпоқ маданияти, санъати ва адабиётига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида бунёд этилган Адиблар хиёбонида Бердақ Ғарғабой ўғли, Тўлепберген Қайипбергенов ҳамда Ибрайим Юсупов ҳайкалларининг ўрнатилиши, Нукус шаҳрида қорақалпоқ адабиётининг сўнмас юлдузи, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабининг очилиши қорақалпоқ халқига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига юксак эҳтиром рамзи бўлди. Бундай юксак эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорлик билдираман.
Таъкидлаш жоизки, мазкур фармонга асосан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри балет артисти Жанар Тореева “Келажак бунёдкори” медали билан, Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекциясининг Нукус минтақавий реставрация маркази директори Хожаяз Бабаев, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Сения Байбосинова, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи директори Гулбахар Изентаева, “Айқулаш” қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли раққоси Нурлан Калмуратов, Ўзбекистон давлат филармониясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлинмаси халқ чолғулари оркестри дирижёри Султамурат Реймов “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА