Қорақалпоғистонлик қиличбозлар “Ҳоким олимпиадаси”да тенгсиз бўлди
Қорақалпоғистонда “Президент олимпиадаси” доирасида қиличбозлик бўйича “Ҳоким олимпиадаси” мусобақаларининг биринчи кунги баҳслари якунига етди.
Мусобақада иштирокчилар рапира ва сабля йўналишларида ўзаро рақобатлашди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси спортчилари юқори маҳорат ва кучли иродани намоён этиб, бир қатор совринли ўринларни эгаллади.
Сабля бўйича ўғил болалар ўртасида Диёрбек Максетов чемпионликни қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин Атабек Ембергенов ҳисобига ёзилди. Қайпберген Қадирбаев ва Ильҳам Тлеумуратов эса бронза медалларига сазовор бўлди.

Қизлар ўртасидаги сабля баҳсларида Зиманой Жиенгалиева ғолибликни қўлга киритди. Перизат Мауленбергенова кумуш медални қўлга киритган бўлса, Тумарис Жиенбаева ва Тумарис Сейтмуратова учинчи ўриндан жой олди.
Рапира бўйича қизлар баҳсларида Тумарис Елибаева биринчи ўринни эгаллади. Бегзада Ўринбаева иккинчи, Мулдир Тлеубаева ва Айзия Пўлатбекова эса учинчи ўрин соҳибига айланди.
Ўғил болалар ўртасидаги рапира баҳсларида Шаҳрузбек Бисенгалиев олтин медални қўлга киритди. Абдурашид Абдужалилев кумуш медаль соҳиби бўлган бўлса, Музаффар Шерназаров ва Султанбек Қуанышбаев бронза медаллари билан тақдирланди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан Қорақалпоғистон Республикасига мазкур спорт турини янада ривожлантириш мақсадида тўлиқ қиличбозлик экипировкалари ва махсус қуроллар тўплами етказиб берилди. Шунингдек, мусобақаларни адолатли ва юқори савияда ўтказиш учун Халилулло Шарипов бош ҳакам сифатида Тошкент шаҳридан жалб этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА