Қорақалпоғистонлик аёллар Сирдарёда эъзозда
Сирдарё вилояти томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл тумани аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ҳар томонлама кўмак бериб келинмоқда. Айниқса, тумандаги хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Куни кеча Қонликўл туманидан 20 нафар «Аёллар дафтари»да турган аёллар «Янгиер» сиҳатгоҳига соғликларини тиклаш учун олиб келинди. Улар учун ўн кун давомида вилоятнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар, маданий тадбирлар, учрашувлар ташкил қилиш режалаштирилган.
Дастлабки манзил Гулистон шаҳри бўлиб, меҳмонларга учун вилоят мусиқали драма театрида «Хотинлар «гап»идан чиққан ҳангома», деб номланган комедия намойиш этилди. Сўнг, улар «Билимдонлар маскани», Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби, «Тадбиркорлар ва ҳунармандлар хиёбони» ва «Ёшлар маркази»да бўлди. Гулистон шаҳридаги улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, аҳоли турмуш тарзи меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

– Умрим Қонликўл туманидаги олис овулда фарзандлар тарбияси, турмуш ташвишлари билан ўтиб кетибди, – дейди 73 ёшли Данеш она Отарбаева. – Биз қорақалпоқ аёлларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан беҳад мамнунмиз.

– Сирдарёга келган бу аёлларнинг кўпчилиги ўз овулларидан, туманидан четга чиқмаган, – дейди Тўрткўллик Гулистон опа Алиева. – Бизга "Янгиер" сиҳатгоҳида кўрсатилаётган иззат-икромдан, эътибордан бошимиз кўкка етди. Умримиз янада узайди. Бу кунлар биз, қорақалпоғистонлик аёлларнинг ҳаётимиздаги энг бахтли кунлардан бўлиб қолади.

Шуҳрат Суяров, ЎзА