Қорақалпоғистонда “Марс базаси” яратилиши режалаштирилмоқда
Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги Қорақалпоғистонда U-MARS аналог космик миссия лойиҳасини амалга ошириш концепциясини тақдим этди.
Лойиҳа ҳақида Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтаётган 77-Халқаро астронавтика конгресси — “IAC-2026” доирасида маълумот берилди.
U-MARS доирасида Марс экспедициясига яқин шароитларни ерда моделлаштириш имконини берувчи махсус майдон ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Иштирокчилар маълум вақт изоляцияланган муҳитда яшаб, “Марс миссияси” сценарийси асосида илмий тажрибалар ўтказиши, технологияларни синовдан ўтказиши ва шартли бошқарув маркази билан алоқа қилиши кўзда тутилган.
Лойиҳада алоқа, робототехника, сунъий интеллект, масофавий мониторинг, автоном тизимлар ва энергетика соҳасидаги ишланмаларни ҳам синовдан ўтказиш мумкин.
Қорақалпоғистоннинг аҳоли зичлиги паст, айрим чўл ҳудудлари бундай аналог миссия учун нисбатан изоляцияланган муҳит яратиш имконини беради. Шунингдек, U-MARS келажакда талабалар, ёш муҳандислар ва тадқиқотчилар учун амалий тажриба майдонига айланиши мумкин.
Ҳозирча лойиҳа режалаштириш босқичида. Уни амалга ошириш муддатлари, инвестиция ҳажми ва инфратузилма параметрлари ҳали очиқланмаган.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА