Қорақалпоғистонда 101 та ёш оила янги уйли бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, "InfinBANK" ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ўртасидаги ҳамкорлик эзгу ташаббус билан янги босқичга кўтарилди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида кам таъминланган, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ва ёрдамга муҳтож 101 та ёшга янги уй-жойларнинг калитларини тантанали топшириш маросими бўлди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида “InFinBank” акциядорлик жамияти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Мазкур меморандум доирасида “InFinBank” томонидан ҳомийлик маблағлари ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикасидаги оғир ижтимоий вазиятдаги ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 16 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши белгиланди

Ушбу меморандум Қорақалпоғистон Республикасидаги эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлидаги муҳим амалий қадам бўлиб хизмат қилмоқда. Лойиҳа доирасида ёш оилалар яшаб келаётган оғир аҳволдаги уй-жойлар ўрнига янги уй-жойлар қуриб берилиб, зарур инфратузилма яратиш ҳамда қуёш панелларини ўрнатиш ишлари амалга оширилди.
Бугун эзгу мақсадлар амалий натижага айланиб, 101 та ёш оиланинг янги хонадонга эга бўлишига хизмат қилди. Янги хонадонлар Қорақалпоғистон Республикасининг 16 та тумани ва Нукус шаҳрида барпо этилган бўлиб, барчаси замонавий талабларга жавоб берадиган 3 хонали лойиҳалар асосида қурилган.

Бу шунчаки янги уй эмас. Бу 101 та оиланинг янги умидлари, фарзандлар учун янада қулай шароит ва келажакка ишонч билан қўйилган янги қадамдир. Ижтимоий ҳимоя соҳасида давлат ва хусусий сектор ўртасидаги бундай ҳамкорлик аҳоли, айниқса, қўллаб-қувватлашга муҳтож оилалар учун муносиб яшаш шароитларини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, ушбу уй-жойларнинг мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик қутлуғ байрами арафасида топширилиши хонадон соҳибларига ўзига хос туҳфа бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири