Қорақалпоғистон тараққиётининг янги босқичига қадам қўймоқда
Ташрифдан ташрифгача
Президентимизнинг 2024 йил 19-20 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёни ижросини таъминлаш бўйича ўтган давр мобайнида республикада кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг Оролбўйига алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги туфайли ўтган йиллар ичида фақатгина Қорақалпоғистон учун қабул қилинган 80 дан ортиқ фармон ва қарори асосида ҳудуд аҳолисига, жумладан, ёшларга, тадбиркорларимизга олдин бўлмаган имкониятлар яратилиб, маҳаллаларда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, фуқароларни бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топиб, ноқонуний қурилган 39 минг 138 та уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда юз берган тарихий воқеаларга назар ташлайдиган бўлсак, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ҳамда қўллаб-қувватлаши билан миллий меросимизнинг сара намуналари қўбиз ясаш, жировчилик санъати ҳамда қора уй ЮНЕСКО рўйхатига олинганини, Нукус шаҳрида қад ростлаган дунёдаги энг катта қора уй “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилгани, шу ерда “Оролбўйи нафақат экологик ҳудуд, балки улкан маданият маркази” деган ғояни ўзида мужассам этган “Орол маданияти саммити”нинг ўтказилишини кўп миллатли халқимиз катта қувонч ва ғурур билан кутиб олди.
Мана шундай ҳудуд аҳолиси ҳаётида жуда муҳим бўлган катта янгиликлар ҳақида сўз юритганда, 367 миллион долларлик “Нукус-1” ва “Нукус-2” шамол электр станцияларининг ишга туширилгани, бу ерда 300 мегаваттли шамол турбиналари ва 100 мегаваттли электр энергиясини сақлаш батареялари ўрнатилгани, шунингдек, мамлакатимизни Европа давлатлари билан боғловчи, 323 миллион долларлик “Қўнғирот-Бейнеу” автомобиль йўлининг 240 километр қисми фойдаланишга топширилгани, “Амударё” дарёси устидан ўтувчи 379 миллиард сўмлик замонавий кўприк қурилгани, Орол денгизи тубида 2 миллион гектар майдонда чўлга чидамли ўсимликлар экилиб, “Яшил қопламалар” яратилгани, Тахтакўпирда барпо этилган “Қоратеран” туристик мажмуаси ва миллийлигимизни ўзида акс эттирган “Этно овул” аҳолининг файзли дам олиш масканларига айлангани, Нукусдан Мўйноқ, Олмаота, Ақтауга авиа қатновларнинг, “Нукус – Манғистов” йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилгани – буларнинг барчаси юртимизнинг янги тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилаётган қувончли воқеалардан саналади.
[gallery-31460]
Қорақалпоғистон Республикасида 2024 йилда 146,8 минг нафар аҳоли доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда банд этилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги йўналиши ҳисобига 67,2 мингта доимий ва мавсумий иш ўрни, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик йўналиши ҳисобига 69,2 мингта иш ўрни, қурилиш соҳасида 5,4 мингта доимий ва вақтинчалик иш ўрни, инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 5 мингта иш ўрни яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 37 минг 568 нафар субъектга 529,2 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилди. Маҳаллаларнинг ихтисослашувидан (драйвер соҳаси) келиб чиқиб, жорий йилда 15 минг 389 та микролойиҳаларни амалга ошириш ва 20,4 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилиб, амалда 15 минг 106 та микролойиҳанинг далолатномаси имзоланди ҳамда натижада 19,8 мингта иш ўрни барпо этилди. Шу билан бирга, кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун тижорат банклари томонидан жорий йилда 2 минг 867 нафар тадбиркорлик субъектига 269,8 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилиб берилди. Янги ташаббусларни амалга ошириш ҳамда олиб борилаётган амалий тадбирлар натижасида Қорақалпоғистон Республикасида камбағаллик даражаси 13,7 фоизга туширилиши таъминланди. Шунингдек, амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида камбағаллик даражасини 10,8 фоизга камайтириш таъминланди.
Берилган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Чимбой тумани ҳокимлиги томонидан “Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманини жадал комплекс ривожлантиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисига қулай шароит яратиб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, хусусан, ижтимоий соҳа ҳамда инфратузилма учун назарда тутилган маблағлар ҳисобидан жорий йил якунига қадар қўшимча 80 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 октябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 17 январдаги “2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ ишсиз аҳолини, шу жумладан, устувор равишда камбағал оилалар аъзоларини касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш харажатларини қоплаб бериш бўйича ваучер тизими жорий этилди. Шунга кўра, ecosys.mehnat.uz рақамли платформасида давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг электрон реестри шакллантирилди.
Ҳукумат комиссиясининг 2025 йил 24 декабрдаги 319-сонли баёни 2-иловаси билан инвестиция лойиҳаларнинг якуний манзилли рўйхати асосида вилоят ҳокимликлари томонидан бугунги кунга қадар 8 та лойиҳа ишга туширилди ва қолган 20 та лойиҳани ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, тармоқ раҳбарлари томонидан бугунги кунга қадар 5 та лойиҳа ишга туширилди ва қолган 15 та лойиҳани ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 январдаги “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Беруний туманидан “Ургут” эркин иқтисодий зонасига 22,3 гектар ер майдони ажратилиб, эркин иқтисодий зона ҳудуди ташкил қилинди. Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда, “Starberry group” МЧЖга агрологистика маркази ҳамда гидропоника ташкил этиш учун Нукус тумани ҳудудидан 13,1 гектар ер майдони тўғридан-тўғри ажратиб берилди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон–Қозоғистон тўртинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида Қозоғистон Республикаси делегацияси билан учрашувлар ташкил этилди ва Қорақалпоғистон Республикаси делегациясининг Манғистау вилоятига ташрифи келишиб олинди. 2024 йил 12-14 ноябрь кунлари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Қорақалпоғистон ишбилармонлар делегациясининг Қозоғистон Республикасининг Манғистау вилояти Ақтау шаҳрида “Савдо уйи”ни ташкиллаштириш учун расмий ташрифи амалга оширилди. Натижада ТОО “SSP Uz KAZ” корхонаси ташкил этилди. Ташриф давомида Ақтау шаҳридаги мавжуд йирик савдо омборлари ўрганилди ва улар орасидан ТОО “ОРЦ Актау” компаниясига тегишли савдо омборларини ижарага олиш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, Қозоғистон ишбилармон доираларига маҳаллий маҳсулотларни кенг тарғиб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда аҳолини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида Ақтау шаҳрида “Made in Uzbekistan” миллий савдо-ярмаркаси ташкил этилди. Ушбу ярмаркада Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд, Андижон, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 50 дан ортиқ корхона иштирок этиб, озиқ-овқат, тўқимачилик, ҳунармандчилик, чарм, электротехника ва қурилиш саноати маҳсулотлари намойиш этилди. Ташриф буюрувчилар юқори сифатли маҳсулотлар билан танишиш ва харид қилиш имкониятига эга бўлдилар.
Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг баёнига мувофиқ, Ақтау шаҳридаги ТОО “ОРЦ Актау” га тегишли омборхоналарни ижарага олиш харажатларини молиялаштиришни “Савдога кўмаклашиш жамғармаси” маблағи ҳисобидан амалга ошириш белгиланди. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Қозоғистон Республикасининг Манғистау вилоятида “Савдо уйи”, омборхона ва музлатгич ташкил этиш юзасидан топшириқ ижроси таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасида Ёшлар ижтимоий-иқтисодий марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳага биноан Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида 152 гектар ер майдонида Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази ташкил этилиши белгиланмоқда.
Марказ Хўжайли туманининг қулай ва оммабоп бўлган Нукус-Қўнғирот автомагистрал йўл бўйи ҳудудидаги кўл ўртасидаги ер майдонида барпо этилиши назарда тутилмоқда. Марказнинг ҳудуди – Хўжайли тумани “Саманкўл” МФЙ даги 152 гектар контурлари (36 та) тасдиқланмоқда. Бугунги кунда ушбу масала қайтадан кўриб чиқилиб, марказни қуриш ишларига ташаббускор инвесторларни жалб қилиш ишлари олиб борилди ва қарор лойиҳасида чет эл инвесторларини жалб қилиш назарда тутилди. Хусусан, Хитой Халқ Республикасининг CSADI (Central South Architectural Design Institute Co.Ltd) компанияси) билан марказни ташкил этиш бўйича лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилди.
Биргина иқтисодий кўрсаткичлар мисолида айтадиган бўлсак, 2016 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 8 ярим триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил бошида бу кўрсаткич 6,3 баробарга ўсиб, 54 триллион сўмдан ошди. Бунда тадбиркорларнинг улуши 66 фоизга етди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари сони 26 ярим мингтага етиб, 2 ярим баробарга кўпайгани, хорижий инвестициялар 500 баробарга ўсиб, жорий йил бошига 2 ярим миллиард долларга етгани, экспортёр корхоналар сони 4 баробарга кўпайиб, 250 тага етгани ва экспорт ҳажми ўртача ҳисобда 8 баробарга ўсгани, хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 4 баробарга кўпайиб, 251 тага етгани – буларнинг бари иқтисодиётимизнинг жадал суръатлар билан ривожланаётганини исботлайди.
Шунингдек, янги иш ўринларини яратишда муҳим ўрин тутадиган саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдаги 4 ярим триллион сўмдан 29 триллион сўмга етганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ёрдамга муҳтож фуқароларнинг 21 мингдан ортиқ хонадонида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётгани, пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган фуқаролар темир йўл ва авиа чипталардан 2 баробар арзонлаштирилган нархда фойдаланаётгани, бундан ташқари, ўтган 4 йил ичида қорақалпоғистонлик 37 мингга яқин ёшларнинг қўшимча квоталар асосида талаба бўлиш бахтига муяссар бўлгани, жорий йилда ҳам қўшимча квоталар ажратилиши назарда тутилаётгани, буларнинг барчаси “Инсон қадри учун” деган ғояни ўзида мужассам этган ва минг-минглаб фуқароларимизнинг қувончига сабаб бўлаётган эзгу ишлардан саналади.
Мамлакатимизда, жумладан, Оролбўйида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, тизимли чора-тадбирлар аҳоли фаровонлигини янада ошириш, турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Президентимиз бу сафарги ташрифи чоғида ҳам Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида юз берган янгиланишлар билан танишади. Шунингдек, ҳудудларни янада юксалтиришнинг, одамлар турмуш даражасини оширишнинг келгусидаги йўналишларини белгилаб беради.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат),
ЎзА мухбирлари